2023 йилнинг июнь ойида 265 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан 13,1 млн кВт/соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзэнергоинспекция» ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган назорат тадбирларида маълум бўлди.

Бунинг оқибатида тизимга 6,1 млрд сўм зарар келтирилган. Ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг энг кўпи Андижон, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

«Қоидабузар истеъмолчиларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинди. Назорат тадбирлари давом этмоқда», дейилади хабарда.

Таққослаш учун, Ўзбекистон бўйлаб май ойида 135 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан 20,6 млрд сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилганди.

Президент Антикоррупция агентлигига Энергетика вазирлиги билан 1 сентябргача ёқилғи-энергетика тармоғини «коррупциясиз соҳа»га айлантириш бўйича ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишни топширди. ДХХ, ИИВ ва БП ҳузуридаги департамент электр ва бошқа тармоқларга ноқонуний уланишларга қарши курашади.