14 июнь куни Қашқадарё вилояти Касби туманида 43 бош бўз эчкемарни ўлдирган фуқаро аниқланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

Назорат тадбирида туманнинг «Касби» маҳаллада яшовчи фуқаро М.И. хонадонида Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда CITES конвенсиясининг 1-иловасига киритилган бўз эчкемарларни тутқунликда сақлаб, уларни нобуд қилаётгани аниқланди.

Хусусан, 20 та эчкемарнинг тутқунликда сақланаётгани ва 43 та эчкемар эса ўлдирилиб, териси шилиб олингани маълум бўлди. Тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаро М.И.дан 20 та тирик эчкемар ва 43 та эчкемарнинг териси ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Ҳолат бўйича қатор қонун талабларига асосан фуқарога ҳайвонот дунёсига етказилган жами 311 850 000 сўм зарар ҳисобланиб, ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.

Тирик қолган 20 та бўз эчкемар эса ўзининг яшаш муҳити бўлган Муборак туманидаги чўл ҳудудларига қўйиб юборилди.