Тошкент шаҳри ҳокимлиги икки кўчага ном бериш бўйича фуқаролардан таклифлар қабул қилиниши ҳақида хабар берди. Уларни 14 июндан 19 июнга қадар Geonom.tashkent.uz сайтида йўллаш мумкин.

кўча номи, тошкент

  1. Катта ҳалқа йўли кўчасининг Бектемир, Миробод, Сергели ва Янгиҳаёт туманлари ҳудудидан ўтувчи қисми — Оҳангарон шоҳкўчаси кесишмасидан Тошкент янги айланма йўли билан кесишган қисмигача;
  2. Яккасарой ва Сергели туманлари ҳудудидан ўтувчи янги қурилган кўча — Шота Руставели кўчаси кесишмасидан Қипчоқ кўчаси билан кесишган қисми (суратда).

Овоз бериш учун geonom.tashkent.uz сайтининг бош саҳифасида харита остидаги «Таклифлар тўплами» ҳаволасини, сўнг кўча бўлимлари кўрсатилган доиралардан бирини босиш керак.

Таклиф этилаётган ном кўчанинг географик объектга энг хос бўлган белгиларини акс эттириши, объект жойлашган ердаги географик объектлар номларининг мавжуд тизимига мос тушиши, маҳаллий аҳолининг географик, тарихий, миллий, этник, тилга оид ва бошқа хусусиятларини ҳисобга олиши, универсал ва қисқа — кўпи билан учта сўздан иборат бўлиши керак.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ёки жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг тоифаларини аниқлаш мезонлари ишлаб чиқиш жараёнида бўлгани сабабли кўчаларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартиришда шахсларнинг исми-шарифини бериш юзасидан таклифлар юқоридаги мезонлар расмий тасдиқлангандан сўнг кўриб чиқилади.