Экопартия Ўзбекистон президентлигига номзод ва унинг дастурини тасдиқлади

Экологик партиядан президент сайлови учун Абдушукур Хамзаев номзод этиб тасдиқланди. Унинг дастурида бир марталик пластик ва полиэтилен идишлардан воз кечиш, электрон сигаретларни мамлакатга олиб киришни, 2030 йилдан бензинли автомобилларни сотиш ва сотиб олишни тақиқлаш ва бошқалар таклиф қилинган.

«Дарслик эмас, қўлланма». Мактаб вазирлиги сурати тарқалган маънавият китоби ҳақида

Тармоқларда Менинг маънавий ҳамроҳим номли мактаб дарслиги яратилаётгани, у 1-синфдан 11-синфгача ўтилиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу китобнинг қўлланма экани, ўқув режага киритилиши режалаштирилмаганини билдирди.

Жума табриги ва диний масалаларни тарқатишга ҳеч қандай таъқиб йўқ — Мусулмонлар идораси

Тармоқларда жума табриги ва диний материаллар тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлиши айтилган хабарлар тарқалди. Мусулмонлар идораси уларнинг ёлғонлигини билдириб, жума табрикларини тарқатишга ҳеч қандай таъқиб йўқлигини маълум қилди. Идора улашиш мумкин бўлган манбалар рўйхатини келтириб ўтди.

Мактабга бориш учун Сирдарёдан қайиқда ўтадиган қиз ўқишини спорт марказида давом эттирадиган бўлди

Сирдарё вилоятида мактабга бориш учун дарёни қайиқда кечиб ўтадиган қиз сентябрдан ўқишни Гулистондаги спорт мактабида академик эшкак эшиш йўналишида давом эттиради. Шу сабаб энди қиз дарёдан ўтиши шарт эмас.

«Техник масалалар бўйича ишлаяпмиз». Энергетика вазири — Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳақида

Ўзбекистон ва Россия рус газини етказиб беришнинг тижорий шартларини фақат техник масалалар ҳал этилгандан кейингина муҳокама қила бошлайди, деди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов. Шунингдек, у ўзбек газини Хитойга етказиб бериш ишлари имзоланган шартномаларга кўра олиб борилаётганини айтди.

Ўзбекистон президентининг «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» иккинчи саммитида қатнашиши кутилмоқда

Қирғизистон 2 июнь куни Чўлпонотада «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» иккинчи саммити ўтказилишини эълон қилди. Унда Европа Кенгаши раҳбари, Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон президентлари ҳамда Туркманистон бош вазири ўринбосари иштирок этиши кутилмоқда.

UzAuto Motors апрелда минглаб Cobalt, Lacetti, Damas ишлаб чиқарган. Бироқ бу автомобиллар сотувда йўқ

UzAuto Motors апрелда салкам 10 мингтадан Cobalt ва Lacetti, 2,1 мингта Damas ишлаб чиқарган. Бироқ ушбу автомобиллар сотувда мавжуд эмас.

Россияда ўзбекистонлик мигрант касалхонада вафот этди

Россияга ишлаш учун борган ўзбекистонлик мигрант ҳужжатларни текшириш вақтида вафот этгани айтилганди. Ўзбекистон Миграция агентлиги унинг шифохонада вафот этгани, ўлим ҳужжат текшириш жараёни билан боғлиқ эмаслигини билдирди. Унинг жасади мамлакатга қайтарилган.

Қашқадарёда 3 нафар блогер 5 суткага қамалди. Жамоатчилик бунинг қонунийлигига шубҳа қилмоқда

Қашқадарё вилоятида 3 нафар блогерга майда безорилик, ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаслик ва бошқа моддалар бўйича 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Жамоатчилик буни «мантиқсиз ва ноқонуний» дея атаб, Олий суддан асослантирилган изоҳ беришни сўради.

Сенатда «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун ва бошқа ҳужжатлар кўриб чиқилади

Олий Мажлис Сенати 1 июнь куни чақирадиган ялпи мажлисида «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқади. Парламент қуйи палатаси бу қонунни октябрь ойида қабул қилган. Йиғилишда яна бир қатор қонунлар ҳам кўриб чиқилади.

Тошкентда терговдан қочиш учун 4-қаватдан сакрагани айтилган 21 ёшли йигит вафот этди

Чилонзор тумани ИИБ биносида 21 ёшли йигит терговдан қочиш мақсадида 4-қаватдаги ҳожатхонадан сакрагани айтилмоқда. У шифохонада вафот этган. Йигит машинасидан гиёҳванд модда топилгани учун қўлга олинганди. Марҳумнинг яқинлари унинг ўлими сабабига шубҳа билдирмоқда.

Президент фармони билан прокуратура органлари штати кўпайтирилди

Президентнинг ёқилғи-энергетика ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш тўғрисидаги фармони билан прокуратура органларида бошқарув ходимлари сони 4195 дан 4886 нафарга, Бош прокуратура прокурор-терговчилари эса 252 дан 316 нафарга оширилди. Яна бир — бош прокурор ўринбосари лавозими жорий этилади.

Тошкент туманида бир-бирига туташ учта уй ёниб кетди

Тошкент вилоятида учта хонадонда ёнғин содир бўлди. Оқибатда 450 квадрат метр майдонда том ва ички жиҳозлар ёниб зарарланди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Ғояни дунёга келтирган ҳисларимни сақлаб қолишга ҳаракат қиламан» — Ҳайкалтарош Юнус Сафардиёр

У дунёга машҳур самарқандлик ҳайкалтарош. Унинг ижод намуналари Россия, Буюк Британия ва Ўзбекистондаги жамоат масканларини безаб турибди. У «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида замонавий санъатга нисбатан қарашлари ва ижодида Самарқанднинг ўрни ҳақида сўзлаб берди.