30 май куни Тошкентда бўлиб ўтган Экологик партиянинг IV съездида партия етакчиси Абдушукур Хамзаевни президентликка номзод этиб тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Йиғилишда, шунингдек, номзоднинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президентлик сайловлари бўйича дастури тасдиқланди.

Партия Абдушукур Хамзаев номзодини 11 май куни президентликка номзод сифатида кўрсатганди. Шундан сўнг сайловда иштирок этиш учун Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатларини тақдим этиб, рухсат олган.

Номзоднинг сайловолди дастурида мамлакатда иқтисодиётни ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, пестицидлардан фойдаланишдан воз кечишга йўналтирилган «Яшил Ўзбекистон — 2030» дастурини, тармоқлар ва ҳудудларнинг «яшил иқтисодиётга ўтиш индекси»ни ишлаб чиқиш, «Яшил виза» дастурини жорий этиш, юк ташишни йирик машиналардан темирйўлларга ўзгартиришга қаратилган чораларни амалга ошириш кўзланмоқда.

Ижтимоий соҳада давлат стоматологик клиникаларини ривожлантириш, шаҳарлар бош режаларини тузишда камида 30 фоизли яшил майдонлар яратиш талабини мустаҳкамлаш, шаҳарсозлик фаолиятида жамоатчилик назоратини кучайтириш, норматив ҳужжатларни қабул қилишда атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш кабилар режалаштирилмоқда. Шунингдек, бир марталик ишлатиладиган пластик ва полиэтилен таркибли идишлардан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечиш, электрон сигаретларни мамлакатга олиб киришни тақиқлаш, 2030 йилдан бошлаб мамлакатда ички ёнув двигателли енгил автомобилларни сотишни ҳамда четда олиб киришни тақиқлаш каби ташаббуслар илгари сурилган.

Дастурда, шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишда экологик қонунчиликни кодификация қилиш орқали Экология, Сув, Ўрмон кодексларини қабул қилиш, экологик суғурталаш тизимини ривожлантириш, эколог-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш кабилар ҳам таклиф этилган.

Давлат ва жамият қурилиши соҳасида эса экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган «Барқарор экологик ривожланиш стратегияси»ни қабул қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш истиқболларини белгилашга қаратилган «Яшил энергетика стратегияси»ни қабул қилиш, сувдан самарали фойдаланиш ва унинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган миллий дастурни ишлаб чиқиш, қатор халқаро ҳужжатларга аъзо бўлиш каби таклифлар ҳам белгиланган.