Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида 2 июнь куни президент Садир Жапаров раислигида «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» иккинчи саммити бўлиб ўтади, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қирғизистон томонининг хабар беришича, саммитда Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нурмухаммет Аманнепесов иштирок этади.

Учрашувда икки минтақа ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинади, халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар ҳамда Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи давлатлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилади.

Бундан ташқари, президент Садир Жапаров делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг аввалги (ҳисоб бўйича биринчи) саммити 2022 йил 27 октябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган.

Унда сўзга чиққан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев глобал ва минтақавий вазият Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги интеграцияни янада фаолроқ қўллаб-қувватлашини талаб қилишини таъкидлаган. Шунингдек, у ушбу формат доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича стратегик дастур ишлаб чиқишни таклиф қилганди.