Ғояни дунёга келтирган ҳисларимни сақлаб қолишга ҳаракат қиламан
Ҳайкалтарош Юнус Сафардиёр
Ғояни дунёга келтирган ҳисларимни сақлаб қолишга ҳаракат қиламан
Ҳайкалтарош Юнус Сафардиёр
Юнус Сафардиёр — бутун дунёга машҳур самарқандлик ҳайкалтарош. Унинг ижод намуналари Россия, Буюк Британия ва Ўзбекистондаги жамоат масканларини безаб турибди. «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида у ижодкор сифатида шаклланиши, замонавий санъатга нисбатан қарашлари ва ижодида Самарқанднинг ўрни ҳақида сўзлаб берди.
Юнус Сафардиёр — бутун дунёга машҳур самарқандлик ҳайкалтарош. Унинг ижод намуналари Россия, Буюк Британия ва Ўзбекистондаги жамоат масканларини безаб турибди. «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида у ижодкор сифатида шаклланиши, замонавий санъатга нисбатан қарашлари ва ижодида Самарқанднинг ўрни ҳақида сўзлаб берди.

«Я стараюсь сохранять искру,

от которой родилась идея»

— скульптор Юнус Сафардияр

«G‘oyani dunyoga keltirgan uchqunni

saqlab qolishga harakat qilaman»

— Haykaltarosh Yunus Safardiyor

Хориждаги ўзбекистонликлар

«Газета.uz» таҳририяти «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси доирасида хорижда таҳсил олаётган ёки хорижий олий ўқув юртларини тамомлаб, чет элда ишлаётган ҳамюртларимиз билан суҳбатларни эълон қилиб боради. Биз ватандан узоқдаги ҳаёт, хорижий таълимни танлаш сабаблари ва қаҳрамонлар дуч келган синовлар ҳақида суҳбатлашамиз.

Болаликдан бери тарих ва санъат ичида
Онамнинг сўзларига кўра, ҳаётимдаги биринчи буюмни қўлимга олганимда уч-тўрт ойлик бўлган эканман. У қалам эди. Шу воқеадан сўнг ота-онам рассом бўлишимга ишонч ҳосил қилишган. Ўсмирлигимда онам чизмай қўйсам, мени койир эди. «Уч кундан бери расм чизмаяпсан. Ҳаммасини эсингдан чиқариб юборган бўлсанг керак», — дер эди у.

Биринчи устахонамни беш ёшимда очганман. У уй шкафимизнинг энг юқори нуқтасида жойлашган эди. Стол устига стул, унинг устига эса ёстиқ ва кўрпачаларни қўярдим-да, онам олиб берган пластилинни тутганча юқорига кўтарилардим. Бу ижодий жараёнимга доимо халақит берадиган беш ака-укадан қочиш учун мукаммал жой эди. Бир марта стулдан йиқилиб, қўлимни қаттиқ шикастлаб ҳам олганман.
Болалигимдан тарих ва санъатга ошноман. Самарқандда, Бибихоним мақбарасидан унча узоқ бўлмаган жойда ўсиб-улғайдим. Хотираларимда одамлар ҳунармандчилик, савдо-сотиқ, санъат билан шуғулланадиган шаҳар абадий эртак бўлиб қолган. Бу шаҳар ҳаётидан тарих жуда яқин деган туйғу шаклланган эди.
реклама
реклама
Бола вақтларим археологларнинг қазиш ишларини томоша қилишни яхши кўрардим. Улар кўмаклашишимга рухсат беришмасди, лекин баъзида мулоқот қилардик. Ҳатто Афросиёб харобаси ва уйдаги қудуқдан шахсий артефактлар коллекциямни ҳам тўплаганман. Унда қадимги ғиштлар, шиша идишлар, черепицалар мавжуд эди.
Бадиий таълим ҳақида
12 ёшимда амакимнинг маслаҳати билан Тошкентдаги Республика иқтидорли болалар мактаб-интернатига ўқишга кирдим. Ётоқхонада яшардим, вақти-вақти билан уйга келардим. Расм чизишни ўргандим, лекин доим мени ҳайкалтарошлик оҳанрабодек ўзига жалб қиларди. Мактабда ҳайкалтарошлик устахонаси жойлашган эди. Олдидан ўтар эканман, у ерга мўралар, ўқувчилар нима қилаётганини кузатардим. Баъзан меҳмон ҳам бўлардим. Менга лойнинг хом ва нам ҳиди ёқарди.
Blanko antosimo скульптураси. Юнус Сафардиёрнинг мармардан тайёрлаган ижод намунаси.
Фото: Instagram
Мактаб-интернатни тамомлар эканман, ўқитувчиларим Тошкентда ўқишни давом эттиришим мантиққа тўғри келмаслигини айтишди. Ўқитувчиларим мактаб диплом ишимни институт даражасига тенглаштиришди. Шунинг учун улар менга Москва ёки Санкт-Петербургга боришни маслаҳат беришди. Чипта сотиб олиб, жамодонимни ҳозирлаб, Репин номидаги Ленинград рассомлик, ҳайкалтарошлик ва архитектура институтига (ҳозирги Репин номидаги Санкт-Петербург Бадиий академияси — таҳр.) кириш шартларини билиш учун бордим. Ўшанда 16 ёшда эдим.
Лондондаги Рижентс-паркка ўрнатилган Rubocity скульптураси. Фото: Instagram
Факультетимиз хонасида ҳайкалтарош Сергей Кубасов билан танишдим. Мен унга ишларим суратларини кўрсатдим ва ўзбек ноки билан сийладим — уни ўзим билан жомадонда олиб келгандим. Кубасов менга Мухинский санъат мактабига киришимни маслаҳат берди. «Биз академик ижодни ўргатамиз, сенинг қобилиятинг эса кўпроқ декоративга экан», — деди у. Ўз мақсад йўлимдан оғишмасдан: «Йўқ, шу ерга кираман», — дедим.

Шу билан Кубасов устозимга айланди. У ажойиб инсон эди, одамдаги истеъдодни қандай кўришни биларди. Афсуски, у эрта вафот этди.
Толмачево аэропортидаги (Новосибирск) «Сибирни забт этиш» ҳайкали. Фото: Instagram
Ўқишга кириш билан боғлиқ бир воқеа содир бўлди. Қоидаларга кўра, совет республикаларидан «марказ»га кирган ҳар бир абитуриент йўлланма олиши керак эди. Мен бу ҳақда Санкт-Петербургга иккинчи марта — ҳужжатлар билан келиб бўлганимдан кейин билдим.

Танлов комиссияси аъзолари мендан йўлланмани тақдим этишимни сўрашди. «Бу кераклигини билмасдим», — дея жавоб бердим. Мени қабул қилишдан бош тортишди, шундан кейин мен Кубасовнинг олдига бордим.

Биз ректорнинг олдига кирдик. Тошкентдан келганимни билиб, йўлланма бўлиши кераклигини айтиб туриб олди. «Қаердан келганимнинг нима аҳамияти бор. Мен шу давлатда туғилганман», — дея жавоб бердим.
Сўнг ишларимга қаради, қабул комиссиясига олиб борди ва ҳужжатларни кўриб чиқишни сўради. Кейинги уч кун давомида ўқишга қабул қилингунимгача ҳар куни ректор эшиги олдида пайдо бўлардим. Мутахассислик бўйича ҳаммадан яхши имтиҳон топширдим.

Санкт-Петербург — ёшлигим ўтган шаҳар. Санкт-Петербургда тарихнинг ўртасида юрасиз, Илья Репин ўз диплом ишини бажарган, Карл Брюллов шифтларини бўяган устахоналарда ижод қиласиз. Диплом ишим учун олтин медаль ва мукофот билан битирдим. Қоидаларга кўра, уни бронзадан қуйиш ва музейда сақлаш керак эди. Аммо 1989 йилда СССР учун оғир замонлар бошланди. Гипс билан тўлдиришга ваъда беришди, бироқ уни устидан чиқишмади.
Лондон сари йўл
Ўқиш тугагунга қадар 20 дан ортиқ ишларим тўпланиб қолди. Улардан баъзилари Санкт-Петербургга ташриф буюрган Thompson’s Gallery галереяси вакилларининг назарига тушди ва уларни намойиш қилиш таклифини билдиришди. 1989 йилда менинг биринчи кўргазмам бўлиб ўтди. Ўшанда ҳади учинчи босқич талабаси эдим.

СССР вақтида чет элда кўргазма қилиш жуда қийин эди. Ҳайкалларим мармардан бўлгани учун уларни пароходда олиб кетишга мажбур бўлдим. Ўшанда декабрь ойининг охирлари эди. Биз икки кун сузиб юришимиз керак эди, лекин у ерга тўрт кун ичида етиб бордик.
реклама
реклама
Денгиз чегарасидан ўтиб, узоқ тирбандликда турдик. Атроф муз билан қопланган. Ҳамма музёрарнинг келишини кутарди. Карвон икки кун тўхтаб қолди. Бахтимга овқат ва сув бор эди. Мени шароитлари яхши хонага жойлаштиришди. Командир билан овқатланардим. Талабанинг пиширилган тухумлари ва қотиб қолган нонлари гўшт ва боршга алмаштирилди. Семириб кетаман деб хурсанд бўлдим, лекин ўйлаганимдек бўлиб чиқмади.

Йўлга тушишимиз билан денгиз даҳшатли чайқала бошлади — мени пастга, юқорига, ён томонларга отарди. Икки кун қусдим. Бош оғриғи ҳам қўшимча бўлди. Лондонга етиб борганимизда 10 килограммга озган эдим.
«Боқийликни излаб» кинетик ҳайкали. У Москвадаги «Федерация» осмонўпар бинолар мажмуасида жойлашган. Фото: Instagram
Кўргазма муваффақиятли ўтгани қувонтирди. Мени Лондондаги бошқа галереяларда ҳам кўргазмага таклиф қилишди. Мен деярли барча асарларимни сота олдим. Фақат битта ҳайкал қолди. Уни ҳалигача устахонамда сақлайман.
Темурийлар тарихи давлат музейидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали. Фото: Юнус Сафардиёр.
Thompson’s Gallery менга тўрт йил давомида ўтказишим мумкин бўлган учта кўргазма учун шартнома таклиф қилишди. Бироқ у эксклюзив ҳуқуқлар билан эмас эди, яъни мен Лондондаги бошқа галереяларга ҳам ижод намуналаримни қўя олардим. Натижада мен икки марта Thompson’s, шунингдек, Berkeley Square Gallery — Лондондаги энг яхши галереялардан бирида намойиш этдим. Ушбу кўргазмалардан сўнг кўпроқ таклифлар келиб туша бошлади. ОТМни тамомладим ва Лондонга кўчиб ўтдим.
«Мен дунёни кўришни хоҳлардим»
Лондонга кўчиб ўтишимдан олдин Сергей Кубасов хоҳишимга қарши мени аспирантурага ўқишга кўндирди. Қайтиб, дарс беришимдан умидвор эди. Мени Ўзбекистонга қайтишга, Амир Темурга ҳайкаллар ясашга ҳам таклиф қилишди, лекин бу менга қизиқарли эмасди. Дунёни кўришни хоҳладим. Қолаверса, менинг Буюк Британияда шартномам ҳам бор эди. Санкт-Петербургда ўқиб юрганимизда институтимиз ҳунармандчилик бўйича дунёда энг яхшиси эканини айтишганди, лекин бошқа ижодкорларнинг қандай ишлашини кўришни истадим.
Шереметьево аэропорти учун Real Flight инсталляциянинг бир қисми. Фото: Instagram
Умуман олганда, мен уч хил маданий ҳудудни кўрганимдан бахтиёрман. Тамал тошларини Самарқандда туғилиб, яшаганим шарофати билан қўйдим, мени рус маданияти, шеърияти ва адабиёти тарбиялади, бироқ ижодкор сифатида Лондонда шаклландим. Учта маданиятни мужассамлаштиришга муваффақ бўлдим ва чалкашиб кетмадим. Аммо бу қийин бўлди.
Ўзбекистон — анча анъанавий ва қадимий мамлакат. Шундай эди ва шундай бўлиб қолади. Бизда анъаналар катта роль ўйнайди. Биз жуда ҳиссиётли, меҳмондўст, очиқмиз. Бу санъатда ҳам сезилади. Ўзбек ранг-тасвири ва ҳайкалтарошлиги ёрқин, ранг-баранг, очиқдир.
Санкт-Петербург — социалистик реализмнинг (санъат, меъморчилик ва адабиётдаги йўналиш — таҳр.) ватани ҳисобланади. Шакли бўйича Россияга олиб келинган Европа заминига чуқур илдиз отган. Петербург социалистик реализми академик. У ўрганади, таҳлил қилади, мураккаб чангалзорларга кириб боради.

Таҳлил қилишга мойилликни рус адабиётида ҳам кузатиш мумкин. Фёдор Достоевский, Антон Чехов, Николай Островский ва бошқа ёзувчиларни кўп ўқиганман. Улар ижодининг марказида ўзликни қайта англаш ётади. Бинобарин рус санъати ўзбек санъатидан мураккаброқ ва чуқурроқдир.

Ҳатто ўзбек социалистик реализми Петербургникидан фарқ қилади. Бизники — ёрқин, маънодор, оддий шакллар билан боғланган. Масалан, Александр Волковнинг Ўзбекистонда яратилган асарлари енгил ва кўп қатламли эмас, чунки халқимиз содда ва очиқ кўнгил. Унинг Петербургда яратилган асарлари эса мураккаб ва академикдир.
Фото: Instagram
Буюк Британия эса — постмодернизмнинг маркази ва биз унинг даврида яшаяпмиз. Эсимда, биринчи келганимда ўзимни бутунлай бошқа сайёрада юргандек ҳис қилгандим. Ғарбда одамлар бошқача фикрлайди, дунёга бошқача кўз билан қарайди. Буни тушуниш учун менга узоқ вақт керак бўлди.

Постмодернизмда услублар йўқ, чунки мезонлар йўқ. Ҳақиқий санъат нима, нима санъат эмас — айтиш қийин. Агар нарсаларни ҳамма одамлар бир хилда идрок қилса, баҳолаш мумкин. Аммо замонавий дунё кўп қирралидир. Ҳар бир инсоннинг ўз ҳаётий ҳикояси бор, у бошқа одамнинг ҳикоясига мос келмаслиги мумкин. Аммо бир кишининг тажрибаси қиймати бошқалар тажрибасининг қийматига тенг. Буни қабул қилиш ёки қилмаслик мумкин. Постмодернизм билан ҳам худди шундай: сиз буни қабул қиласиз ёки қабул қилмайсиз. Фақатгина уйғунлик муҳим. Санъат маконга уйғун келиши лозим ва рассом буни тушуниши керак.
Ижодкорлик алгоритмлари
Менда ҳайкал яратиш алгоритми йўқ. Фикрлар ҳар хил келади. Шаклни кўришим ва ҳайкални тасаввур қилишим мумкин. Баъзида ғоялар қийинчилик билан келади, баъзида эса ўзим уларнинг қийинчилик билан туғилишини хоҳлайман — қандайдир тажрибани истайман. Барча тасвирларни 3D моделлаштириш дастурига тушираман ва уни бир четга ташлаб қўяман. Орадан бир неча ой ўтганидан сўнг уларга қайтаман.
Фото: Instagram
Ҳайкалтарошлик – қимматбаҳо буюм. Уни олдинг ва яратдинг деган нарса йўқ. Битта ҳайкални яратиш ҳажми ва шаклига қараб икки ойдан бир йилгача вақтни олади. Энг тез яратган ишимга бир ой кетган бўлса, энг узоғига — икки йил сарфлаганман.
реклама
реклама
Масалан, Самарқанддаги New Renaissance халқаро конгресс марказига ўрнатилган «Янги қуёш» кинетик скульптурасини яратишга олти ой вақт кетди. Уни яратишга «Шердор» мадрасаси ортида кўтарилаётган Қуёш акс этган шер тасвири туширилган панно илҳомлантирган. «Янги қуёш»нинг оғирлиги 13 тоннага яқин. Бунинг учун конгресс марказидаги шифтни махсус мустаҳкамладик. Ҳайкал бунёдкор энергиянинг туганмас манба аллегорияси (мажози – тарж.) сифатида яратилган.
Самарқанддаги «Янги қуёш» кинетик скульптураси. Фото: Юнус Сафардиёр
Асарларимнинг номлари — «Кўп қирралилик дарвозаси» («Врата многогранности»), «Оғир кунлар капсулалари» («Капсулы безвременья»), «Васваса» («Наваждение») — кимгадир мураккаб ва қийин кўринади. Лекин номлар ҳақида ўйламайман ҳам. Улар қандайдир ўзлари келади.
Саркардаларни идеаллаштириш ва муваффақият ҳақида
Тарихий қаҳрамонлар идеаллаштирилган кўплаб ишларни яратдим. Масалан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали. Ҳозир у Темурийлар тарихи давлат музейида сақланмоқда. Яна бир асар — «Сибирнинг забт этилиши» — Сибирни Россияга қўшиб олган Ермак ҳақида. Ҳайкал Новосибирскнинг «Толмачёво» халқаро аэропортига ўрнатилган.

Бу асарларда уларнинг шахсиятларини тарихий контекстда идрок қилмоқчи бўлдим. Инсониятнинг бутун тарихи кураш ва урушлардан иборат. Инсон рамзларни ўйлаб топади, курашади, ғалаба қозонади, қаҳрамонга айланади. Ва, албатта, агар чуқур ўйлаб кўрсангиз, урушлар — жуда катта аҳмоқликдир. Аммо саркардалар ўз замонларини акс эттирадилар.
Темурийлар тарихи давлат музейида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали.
Фото: Юнус Сафардиёр.
Шу билан бирга, ОАВ ёзганидек, тарих йўналишидаги ҳайкалтарош эмасман ва академик ишларим шарофати билан муваффақиятга эришдим, деб ўйламайман.

Ижодкор бўлиш — ҳам жисмоний, ҳам руҳий машаққатли меҳнатдир. Баъзан ҳайкалтарош бўлганимдан афсусланаман. Бу умидсизлик пайтларида содир бўлади. Баъзан бир ижод намунасини яратасиз, лекин ҳаммаси беҳуда кетади. Баъзида жисмоний чарчоқ ғолиб чиқади. Бунга чидай олмайсиз ва шунчаки йиқиласиз. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, сиз узоқ-узоқ ишлайсиз, лекин бундан ҳеч нарсага эришмайсиз.

Фаолиятим давомида кўплаб ишларимни ташлаб юбордим. Улар устахонамда жуда кўп жойни эгаллашарди, янги ишлар учун эса жой бўшатишимга тўғри келди.
Фото: Instagram
Ўз услубимни нима деб аташни ҳам билмайман. Атамалар билан яшамайман. Шунчаки келган ғояни қиламан, холос. Барча асарларимда ўша бошланғич экспрессияни, ғоядан келиб чиққан ҳисларимни сақлашга ҳаракат қиламан. Ҳиссиётларни сақлаб туриш керак.

Буларнинг барчаси бир томон, мен ҳатто муваффақиятга эришиш нима эканлигини билмайман. Муваффақият манманликка айланиб кетиши мумкин. Манманликсиз касб йўқ. Сизнинг томошабинларингиз бор ва томошабинларнинг муносабати сиз учун муҳим. Томошабин ниятларингизни тушуниб, ишингизга яхши баҳо берса, хурсанд бўласиз. Аммо бу манманлик шаклига айланиб кетиши мумкин.
реклама
реклама
Болалигимдан ўз қадримни биламан, нима қила олишим ва нима қила олмаслигимни тушунаман. Менга хушомад қилиш қийин. Шунга ҳам мен учун муваффақиятни тушуниш ташқи дунё билан боғлиқ эмас. Бу фақат ички дунём билан боғлиқ. Муваффақият — бу ҳайкални ўзинг хоҳлаган тарзда ясашингдир. 10 йилдан кейин ўз ишимга қараб: «Буни ҳақиқатан ҳам мен қилдимми?» — деган фикрга келсамгина, мана шу — менинг муваффақиятим бўлади.
Лондондаги Sotheby’s аукционида сотилган «Линза» ҳайкали. Фото: Юнус Сафардиёр.
Уй — бу…
Мени назаримда, инсон бирор жойда доимий яшаши шарт бўлмаган даврда яшаяпмиз. Менга Италия, Америка, Германия, Испания ва бошқа мамлакатларда яшаш насиб этди. Ҳар бир давлатга ишим юзасидан бордим. Уй менинг оилам ва дўстларим бўлган жой. Аммо, албатта, мен қачондир Ўзбекистонга қайтиб келаман.
Таҳририят интервью ва суратга олиш учун
жой ажратган — Human House галереясига
миннатдорчилик билдиради
Матнни Жаҳонгир Азимов тайёрлади.
Рус тилидан Санжар Саид таржима қилди.

Барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.


Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг