29 май куни Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ИИБ биносида тергов қилинаётган 21 ёшли йигит 4-қаватдан сакраб, вафот этди, дея хабар берди Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов.

Қайд этилишича, 22 май куни тонгги соат 04:30 атрофида тумандаги йўл-патруль хизмати масканида хизмат олиб бораётган инспекторлар Gentra транспорт воситасини тўхтатган. Автомобиль йўловчиси 21 ёшли Х.Т. «ўз хатти-ҳаракатлари билан ходимларда шубҳа уйғотгани» сабабли холислар иштирокида текширилган.

Унинг ёнидан ўткир ҳидли тўқ жигарранг модда борлиги аниқланиб, расмийлаштириб олинган. Х.Т. ва тўпланган ҳужжатлар туман ИИОга топширилган. Ўтказилган судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра, Х.Т.нинг ёнидан топилган модда 53,52 граммни ташкил қилиб, гашиш экани аниқланган.

Ҳолат юзасидан Х.Т.га нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) асосида жиноят иши қўзғатилган.

«Шу куни тахминан соат 18:50 атрофида йигит Чилонзор тумани ИИО ФМБдаги 4-қаватда жойлашган хизмат хонасига олиб кетилаётган вақтида ҳожатхонага киришни сўраган. Х.Т. 4-қаватда жойлашган ҳожатхонага киргандан сўнг терговдан қочиб яшириниш мақсадида ҳожатхона деразасидан пастга сакраши оқибатида бош ва тана қисмидан турли жароҳатлар олган (мазкур ҳолат бинога ўрнатилган видеоёзув мосламаларида қайд этилган)», — дейилади хабарда.

Туман ИИО ходимлари йигитга тез-тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида РШТЁИМга олиб борган ва унга бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош суягини синиши, тана аъзоларининг гематомаси ташхиси қўйилган. 29 май куни у касалхонада вафот этган.

Бироқ марҳумнинг яқинлари бу изоҳга шубҳа билдирган. Хусусан, Kun.uz сайтига мурожаат қилганлардан бирининг айтишича, йигитнинг оилавий шароити яхши бўлмаган ва у бир неча йил давомида уйдан узоқда — Тошкентда яшаб, яқинлари билан деярли алоқа қилмаган. Шу сабабли қўлга олинганидан кейин олдига келадиганлар ҳам топилмаган. Чилонзор тумани ИИБ терговчиси 29 май куни йигитнинг яқинларига телефон қилиб, унинг вафот этганини айтган.

«Шифохонада мен билан гаплашган аёлнинг айтишича, танасининг бирорта ҳам қисми — на оёғи ва на қовурғаси синган, балки фақатгина юзи ва бош қисмида жароҳат излари бўлган. Наҳотки 4-қаватдан тушиб кетган инсоннинг ҳаттоки қўли ҳам синмаса. Бундан ташқари, ИИБ ходимлари унинг оёғи синганини айтганди. Унинг гавдаси ҳам каттагина эди, у қандай қилиб ҳожатхона ойнасидан сиғиб кетиши мумкинлигига ҳам ҳайронман. Боз устига, ҳожатхона ички ишлар биносида бўлса. Шифокорлардан қандайдир шубҳангиз борми, десам, фикримни фақат судда айтаман, дейишди», — дейди марҳумнинг яқини.

Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилаётганини қўшимча қилди.