Россияга ишлаш учун борган ўзбекистонлик 48 ёшли мигрант Москвада ҳужжатларни текшириш вақтида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Хабарларда фуқаро юк ташувчи бўлиб ишлагани, қурилиш майдончасида спиртли ичимлик ичиб, дам олаётган вақтида полиция ходими ҳужжатларни текшириш учун объектда рейд ўтказгани айтилган. Фуқаро ҳужжатларни тақдим эта олмагач, ўша вақтда аҳволи ёмонлашиб, «тез ёрдам» машинасида шифохонага етказилгани ва у ерда вафот этгани билдирилган.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги унинг вафотини тасдиқлади, аммо ўлим ҳужжат тақдим қилиш жараёнида бўлганини рад этди.

«Фуқаро соғлиғи ёмонлашгани сабабли Боткина номидаги шаҳар шифохонасига жойлаштирилган, бироқ кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамасдан, ҳаётдан кўз юмган. Полиция ходимлари томонидан ҳужжатларини текшириш натижасида унинг вафот этгани ҳақидаги маълумот тасдиқланмаган. 25 май куни ушбу вафот этган фуқаронинг жасади Ўзбекистонга қайтарилган», — дейилади хабарда.