Олий Мажлис Сенати 1 июнь куни чақириладиган навбатдаги 41-ялпи мажлисида «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқади. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қонунчилик палатаси мазкур қонунни 2022 йил 25 октябрда қабул қилган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурхонов унинг тузилмасида давлат хизматида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ минглаб ҳолатлар аниқлангани, бироқ қонунчилик базаси йўқлиги сабабли бундай ҳолатларни бартараф этиш муаммоли эканини таъкидлаган. «Газета.uz» қонун лойиҳаси ҳақида батафсил тўхталиб ўтган.

Президентнинг 2020 йил июндаги фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига бошқа давлат органлари билан биргаликда уч ой муддатда «Давлат хизматчиларининг даромадлари, мол-мулки ва манфаатлари тўқнашувини декларациялаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам топширилганди. Ушбу тизим 2022 йил 1 январдан ишлаши керак эди. Бироқ 2022 йилнинг август ойида Акмал Бурхонов қонун лойиҳаси ва даромадларни декларациялаш тизими тайёр бўлганини маълум қилган. Унинг аниқлик киритишича, қонун лойиҳаси халқаро ташкилотларнинг тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилмоқда.

манфаатлар тўқнашуви, сенат ялпи мажлиси

Сенат кўриб чиқадиган бошқа қонунлар қаторида норасмий бандликни қисқартириш, Қорақалпоғистонда инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, экология ва жамоат тартибини сақлаш соҳаларидаги қонунчилик такомиллашиштириш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунлар ҳам бор.

Шунингдек, телекоммуникациялар соҳасида айрим фаолият турларини амалга оширганлик учун давлат божи миқдорлари мақбуллаштирилиши муносабати билан «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ҳамда Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисидаги қонунлар кўриб чиқилади.

Сенаторлар Марказий банкнинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини ҳам эшитади.