Қашқадарё вилояти Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судида 29 май куни 3 нафар блогер Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг турли моддалари бўйича ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилди ва ҳар бирига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Дастлаб ҳолат ҳақида қамалганлардан бири — автоблогер Мақсуд Музаффаров ўзининг Telegram каналида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, Умид Каримовни (Telegram`даги Капитан Каримов канали муаллифи, Nasaf News веб-сайти раҳбари) ички ишлар ходимлари ИИБга олиб кириб кетган, бунга блогернинг ходим машинани текшираётган пайтда «Тўхтаб турган машина-ку» деган гапи сабаб бўлган (машина яна бир блогер А.Абдуллаевга тегишли бўлган). ИИО ходими эса Шаҳрисабз ИИБ бошлиғи ўринбосари бўлгани айтилган.

Бу видеомурожаатдан кейин автоблогернинг ўзи ҳам ушланиб, судга олиб кетилгани ҳақида блогер Отабек Артиков хабар қилди.

Вилоят ИИБ ва судидан расмий муносабат

Қашқадарё ИИБ бу ҳолатга изоҳ бераркан, 29 май куни соат тахминан 10:20 да Шаҳрисабз шаҳри ИИБ ЙҲХБ ходимлари Пиллакашлик кўчасида 2 та давлат рақамисиз, ойналари тўлиқ қорайтирилган ҳамда рухсатсиз қайта жиҳозланган Gentra автомашиналарига нисбатан ҳужжатларни расмийлаштиришда транспорт воситалари ҳайдовчилари ходимларнинг қонуний талабларини бажармасдан жанжал чиқариб, оммани ўзига қаратганини маълум қилди.

«Ҳолатга аниқлик киритилиб, уларнинг шахси аниқлангач, фуқаролар А.А., М.М. ва У.К.га нисбатан қонунчилик тартиби бузилгани ҳолати бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний тўхтамга келишлик учун жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳри судига юборилди», — дейилади ИИБ баёнотида.

Суд эса жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судининг очиқ суд мажлисида уларга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилганини маълум қилди.

Унга кўра, ИИБ ЙҲХБ маъмурий биноси олдида оқ рангли давлат рақам белгиси ечилган ҳолда барча ойналари тўлиқ қорайтирилган Gentra автомашинаси турганини кўрган ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Ф.Янгибоев ушбу автомашинадан шубҳаланиб, ҳужжатларини текшириш ва автомашинанинг кимга тегишли эканини аниқлаш учун машинанинг олдига борган.

Шу пайтда автомашина олдида турган А.Абдуллаев автомашина унга тегишли эканини маълум қилиб, ўзининг фуқаролик паспортини тақдим этиб, автомашинага тегишли ҳужжатларни эса бермаган.

«„Ҳоҳласанг ўзинг топиб ол“, деб қўполлик қилган. Шунда Ф.Янгибоев ва ЙПХ инспекторлари М.Каримов, С.Пирманов ва Д.Ашуров билан бирга ушбу автомашинанинг кимга тегишли эканини аниқлаш ва содир қилган қоидабузарлиги учун жарима майдонига жойлаштирмоқчи бўлганида ҳайдовчи А.Абдуллаевнинг ёнида турган фуқаролар М.Музаффаров ва У.Каримов ИИБ ходимларига нисбатан қўполлик, ҳурматсизлик ва беписандлик қилиб, сенсираб мурожаат қилиб, жанжал қила бошлаган», — дейилади суд хабарида.

Айтилишича, шундан сўнг Ф.Янгибоев Шаҳрисабз шаҳри ИИБга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтириб, ёрдамчи куч юборишни сўраган.

«ИИБ биноси ва ИИБ ЙҲХБ биноси ёнма-ён жойлашгани учун зудлик билан Шаҳрисабз шаҳри ИИБ бошлиғининг ўринбосари Ж.Раупов воқеа жойига етиб келиб, А.Абдуллаев билан суҳбатлашиб, ундан „ушбу автомашинанинг эгаси сизми?“ деб сўраганида А.Абдуллаев унга нисбатан ҳам кўпчилик фуқаролар олдида „сен кимсан?“ деб қўпол муносабатда бўлиб гаплаша бошлаган. Шунда А.Абдуллаевнинг ёнида турган М.Музаффаров ва У.Каримов уларнинг суҳбатига аралашиб, улар ҳам ИИБ бошлиғининг ўринбосари Ж.Раупов ва бошқа ходимлар билан ўта қўпол муносабатда бўлиб, „сенлар гала валломатлар жонга тегиб кетдинглар, яшаб бўлмай қолди“ деб, атрофга кўплаб одамларни тўплаган ва фуқаролар олдида ИИБ ходимларини обрўсизлантирган», — дея таъкидланади хабарда.

Суд ИИБ ходимлари блогерларни тинчлантиришга ҳаракат қилгани, аммо улар бақир-чақир қилиб, фуқароларнинг олдида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, майда безорилик содир этганини билдирди.

Шундан сўнг ўша ерда турган яна бир оқ рангли Gentra русумли, давлат рақам белгиси ечиб олинган, барча ойналарининг туси ўзгартирилиб қорайтирилган автомашина тургани аниқлангани, суриштирув жараёнида ушбу автомашина М.Музаффаровга тегишли экани, автомашинанинг барча ойналарининг туси тегишли рухсатномасиз ўзгартирилиб қорайтирилгани, давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олингани маълум қилинди.

«Шунингдек, олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида А.Абдуллаевга тегишли Gentra`нинг барча ойналарининг туси тегишли рухсатномасиз ўзгартирилиб қорайтирилгани, тегишли рухсатномасиз қайта жиҳоз ўрнатилгани, давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олингани, тегишли рухсат олмай туриб, транспорт воситасига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилма ўрнатгани аниқланган», — дейилади суд берган маълумотда.

Суд қарорига кўра, А.Абдуллаев

  • МЖтКнинг 125-моддаси (Транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 3-қисми, 5-қисми;
  • 126-моддаси (Кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш) 1-қисми;
  • 127-моддаси (Транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш) 2-қисми;
  • 183-моддаси (Майда безорилик);
  • 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

У.Каримов МЖтКнинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга ҳам 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

М.Музаффаров эса 125-модданинг 5-қисми, 126-модданинг 1-қисми ва 183-моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Қарордан норози бўлган жамоатчилик

Telegram`даги Yuristkadr канали муаллифи, амалиётчи юрист Саидали Мухторалиев «Яқинда „183“ рақами ва „блогер“ сўзи синонимга айланади, шекилли», дея пост қолдирди ва блогерларнинг Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз тумани судига олиб кириб кетилаётгани акс этган видеони ҳавола қилди.

Видеода Умид Каримов ўзининг айбдор эмаслиги, ноқонуний ҳаракатлар содир этмагани, буни бодикамера орқали текшириб кўришлари мумкинлигини айтган, шунингдек, «Агар адолатли сиёсат бўлса, кўрамиз аҳволни» дея суд биносига кириб кетган.

«МЖтКнинг 183-моддасида кўрсатилган жазога тортиш учун шахс майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкинган, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилган ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик билан боғлиқ ҳаракатлар қилган бўлиши керак. Ўтган хафта кўргандик, мана бугун ҳам кўрдик, эртага яна кимни кўрарканмиз қамалганини? Тўғриси, ҳафсалани пир қиладиган ишлар бўляпти», — дея ёзган юрист ўз постида.

Собиқ депутат Расул Кушербаев «Бунда на мантиқ ва на қонунийлик бор. Қамаш истаги бор холос. Ва бу истак ҳаммасидан устун», — дея ёзди.

Унинг сўзларига кўра, судьялари мустақил бўлмаган жамиятда бундай ишлар бўлиши турган гап. «Келаси сафар бу қамалганлар сафида бугун қонунларга тупурган ўша истовчиларнинг яқинлари бўлиши мумкин. Бунга тайёр бўлинг!» — дейди у.

Юрист ва блогер Баҳодир Аҳмедов ҳолат ҳақида ёзаркан, «МЖТК „183“ (Майда безорилик) ва „194“ (ИИО ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) қамоқ учун энг осон йўллар» эканини билдирди.

«Бир вақтлар Камолиддин Раббимовгаям шу моддалар қўйилиб, осонликча маъмурий қамоқ берилганди. Бу моддалар сўз эркинлигига қарши расмий, қонундаги ричаглар. Ҳеч қайси расмий буни тўғрилайлик, деб чиқмайди. Аслида шундай пайтларда судлар қатъиятли бўлиши керак. ИИБ нимани бўлса „183“, „194“ деб кўтариб келаверса, судлар нотариуслик қилиб, буни қарорлаштириб бераверса, додингни кимга айтасан? Айнан ушбу ҳуқуқбузарликлар бўйича Олий суд пленуми тушунтиришларига аввалгидан-да кўпроқ муҳтожмиз», — дейилади постда.

Юрист журналист ва блогерларга шу моддаларни яхшилаб билиб олишни маслаҳат бераркан, эртага уларнинг олдидан чиқиши ҳеч гап эмаслиги, «МЖТК 183 ва 194 ўзбекнинг оғзини ёпиш» эканини таъкидлади. Ушбу масала юзасидан эса Олий суддан асослантирилган изоҳ кутишини келтириб ўтди.