Таълим соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланувчи Бектош Хотамов Менинг маънавий ҳамроҳим номли дарсликлар чиқарилиши ҳақида эшитгани, улар 1-синфдан 11-синфгача ўтилиши ҳақида ёзди. Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов эса бунга эътибор қаратиб, бу каби дарсликлар орқали нима мақсад кўзлангани ҳақида савол қолдирди.

«Яқин-яқингача мактабларда Ватан туйғуси, Миллий истиқлол ғояси, Маънавият асослари деган фанлар бўларди ва Вазирлар Маҳкамаси қарори билан улар Тарбия фанига алмаштирилган эди. Ўзи „маънавият“ деганда нимани тушунамиз, „маънавиятли киши“ деганда кимни тасаввур қиламиз, ёши ёки амали катта кишини кўрганда қўлини кўксига қўйиб қуюқ салом беришу, унинг ҳар бир гапини маъқуллаб туриш маънавиятнинг мажбурий атрибутларими, деган саволларга аниқ бир жавоб йўқ бўлган шароитда бу дарсликлар орқали ўқувчига қандай билим, кўникмаларни бериш (ёки мафкурани сингдириш?) мақсад қилинган, билмадим», — деб ёзади Комил Жалилов.

У Ўзбекистон кўп миллатли давлат экани, бир миллат («миллат» деганда бу контекстда сиёсий миллат эмас, этнос назарда тутилмоқда) вакилининг «маънавият» ҳақидаги тушунчаси билан бошқа бир миллат вакилининг бу тушунчаси мос келмаслиги, ҳатто бир этноснинг турли вакилларининг бу борадаги қарашлари фарқ қилиши мумкинлигини таъкидлаб, булар қай даражада юқоридаги дарсликларда ҳисобга олинганини сўроқ остига олди.

Вазирлик изоҳи

«Газета.uz» ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан боғланиб, изоҳ олди.

Таъкидланишича, бу китоблар Қори Ниёзий номидаги Педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан тайёрланмоқда, лекин унинг номи бўйича ҳали якуний тўхтамга келинмаган.

«Менинг маънавий ҳамроҳим номли қўлланма ўқувчиларнинг мустақил дунёқараши, касб танлаш, тил ўрганиш ва умумахлоқий фазилатларни ёшга мос равишда ўргатишга қаратилган ёрдамчи ўқув манба ҳисобланиб, унинг дарс соатлари сифатида ўтилиши ёки дарслик сифатида нашр этилиши, ўқув режага киритилиши режалаштирилмаган», — дея қайд этди вазирлик.

Аниқлик киритилишича, мазкур ёрдамчи қўлланмани ривожланган хорижий давлатлардаги «чўнтак китоблар» (pocket books)нинг аналоги дейиш мумкин.

«Чўнтак китоблар» рукни остида тайёрланаётган мазкур қўлланма ўқувчиларга мотивация бериш, бугунги ва эртанги реал ҳаётий кўникмалар, чет тиллари ва касб-ҳунар ўрганишга қизиқтирувчи кейслар, ахлоқий фазилатлар ва компетенциялардан келиб чиқиб тайёрланади, дейилади вазирлик берган маълумотда.

Унинг тузилиши қуйидаги талаблар асосида бўлиши белгиланган.

  • дифференциал (бошланғич, ўрта, юқори синфлар) асосда;
  • артпедагогик дизайнли, иллюстрацияли;
  • чўнтакбоп (pocket books);
  • ўзини ўзи тарбиялашга ўргатувчи (skill book);
  • ота-оналар, жамоатчиликни ҳамкорликка жалб қилувчи (савол ва топшириқлар, фидбэк ва бошқалар орқали);
  • фойдали интернет ресурсларга боғланган, улардан чет тилларни, касб ўрганишда амалий фойдаланишга йўналтирилган.

«Энг муҳими, мазкур ёрдамчи қўлланма фойдаланувчилар учун тавсиявий характерга эга бўлиб, ундан педагоглар ва ота-оналар ҳам фарзанд тарбиясида фойдаланишлари мумкин».

«Газета.uz», шунингдек, бу китобларни нашрдан чиқаришни молиялаштириш қандай бўлиши билан қизиқди.

«Бу қўлланмани институтнинг илмий лойиҳаларига ажратилган маблағ ҳисобидан чоп қилишади. Синфларга ажратилганига келсак, худди шундай ёш тоифасига мос қилиб, туркумлаштирилган. Қўлланманинг ҳажми кичкина, ёнида олиб юрса бўладиган ўлчамда бўлади», — дея аниқлик киритди вазирлик.

Аввалроқ Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) муҳим миллий қадриятлар рўйхатини шакллантиришни таклиф қилганди. Унга, жумладан, ота-онага эҳтиром, ўзбек тили, диний бағрикенглик, сўз эркинлиги ва бошқалар киритилган.