Мусулмонлар идораси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган жума табриги, Қуръони Карим оятлари, пайғамбар алайҳиссалом ҳадислари, уламолар ва имом-домлаларининг мавъизаларини тарқатиш мумкин эмаслиги айтилган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, сўнгги пайтларда расмий диний сайт ва ижтимоий тармоқлардаги маълумотларни мутолаа қилиш ёки улашиш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида ваҳима уйғотувчи ёлғон хабарлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Идора аҳоли орасида саросимага солувчи шундай нотўғри хабарлар тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарлик келтириб чиқаришини билдираркан, виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар ҳақидаги қонунга асосан, эътиқод эркинлиги кафолатланганини эслатиб ўтди.

«Шунга кўра, фуқаролар динга эътиқод қилиш, диний расм-русумлар ва маросимларни ўтказиш ҳамда ўз динининг таълимотларини ўрганиш ҳақ-ҳуқуқига эга ҳисобланади. Мусулмонлар идорасининг расмий веб-сайтлари, масжид-мадрасалар, иқтидорли имом-хатибларнинг сайт ва ижтимоий тармоқ саҳифаларини мутолаа қилиш ҳамда улардаги маълумотларни яқинларига улашиш мумкин, жумладан, жума табрикларини ҳам тарқатишга рухсат этилган. Буларга ҳеч қандай таъқиб йўқ», — дейилади хабарда.

Ташкилот диний-маърифий мазмундаги барча маълумотларни мутолаа қилиш ҳамда яқинларига улашиш мумкинлигини қайд этиб, расмий ва ишончли бўлган саҳифалар рўйхатини келтирди.

«Эслатма шуки, бузғунчи оқимлар ғояларини ўзига жалб этувчи мусиқий оҳанг, фотосурат ёки рамзлар орқали зимдан тарқатишга уринмоқда. Шунинг учун ҳам экстремистик ғояларни ҳар қандай шаклда ҳоҳ жума табриги бўлсин, ҳоҳ бошқача атрибут ёки сурат шаклида бўлсин, уларни тарқатиш, сақлаш ва фойдаланиш қонунан таъқиқланади», — дея огоҳлантирди Мусулмонлар идораси ва фуқароларни огоҳ ва ҳушёр бўлишга чақирди.

Аввалроқ Дин ишлари бўйича қўмита экстремизм ва терроризм ғоялари билан йўғрилган деб топилган ва Ўзбекистонга олиб кириш, тайёрлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланган Telegram, YouTube каналлар, Facebook, Instagram, TikTok саҳифалар, сайтлар, китоблар ва нашидалар рўйхатини эълон қилганди.