Ўзбекистон ва Сингапур президентлари давлат бошқаруви соҳасида кадрлар тайёрлаш масаласини муҳокама қилди

Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси негизида ташкил этилган қўшма таълим маркази доирасида Сингапур тажрибаси жорий этилади. Музокараларда Ўзбекистон ва Сингапур президентлари томонидан шу ва бошқа мавзулар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида 7 та ҳамкорлик ҳужжати имзоланди

Шавкат Мирзиёев ва Ҳалима Ёқуб ҳузурида икки томонлама ҳужжатларни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди ва 7 та ҳамкорлик ҳужжати имзоланди. Саммит якунида президентлар Фахрий меҳмонлар хиёбонида арча экди.

Changi Airports янги Тошкент аэропортининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишда ёрдам беради

Сингапурнинг Changi Airports International компанияси янги Тошкент аэропорти қурилишининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқишда ёрдамлашади, шунингдек, мавжуд аэропорт фаолиятини оптималлаштириш бўйича маслаҳатлар беради.

Masdar Қашқадарёда қуёш электр станциясини қуриш бўйича тендерда ғолиб чиқди

Қашқадарёда қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва фойдаланиш бўйича ўтказилган тендернинг дастлабки ғолиби эълон қилинди. ФЭС БААнинг Masdar компанияси томонидан барпо этилади.

Тошкентда 19 ёшли ўқувчи танишини пичоқлаб ўлдириб қўйди

Олмазор туманида 19 ёшли мактаб ўқувчиси танишини пичоқлаб ўлдирди. Воқеага уларнинг телефон талашиши сабаб бўлгани айтилмоқда. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Олмалиқда Damas уриб кетган ўқувчи қизлардан бири вафот этди

15 май куни светофорнинг қизил чироғидан ўтиб кетган Damas ҳайдовчиси томонидан уриб кетилган икки ўқувчи қиздан бири вафот этди. Бош прокуратура маълумотларига кўра, иккинчи қиз даволанмоқда ва яқин орада уйига рухсат берилади.

Қўқон педагогика институтида қизлар ётоқхонасига яширин камера ўрнатганлар жаримага тортилди

Қўқон давлат педагогика институтида қизлар ётоқхонасига камера ўрнатилгани сабабли маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилган проректор (4,5 млн сўм) ва 3 ходимга (3 млн сўмдан) жарима тайинланди. Аввалроқ уларнинг барчаси ишдан олинганди.

МСК хорижда 56 та сайлов участкаси тузилишини маълум қилди

Марказий сайлов комиссияси президент сайлови учун 56 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилди. Хусусан, АҚШ, БАА, Германия, Қирғизистон, Туркияда — 2 тадан; Қозоғистон ва Хитойда — 3 тадан; Россияда — 7 та сайлов участкалари тузилади. Улар Тошкентдаги 14-округга бириктирилади.

«Сўнгги қўнғироқ» тадбирида ўқувчиларга вальс тушиш тақиқланмаган — вазирлик

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 25 май куни бўлиб ўтадиган «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида мактабларда вальс тушиш тақиқлангани ҳақидаги маълумотни рад этди. Вазирлик бу қарорни мактаб маъмуриятларининг ўзлари қабул қилган бўлиши мумкинлигини истисно этмади.

Остонада Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш бўйича тендер: Дастлабки ноқонуний тендер ғолиби яна ютиб чиқди

Ўзбекистон Бадиий академияси Алишер Навоий ҳайкалини Остона шаҳрида ўрнатишга оид тендерни қайтадан ўтказди. Унда илк тендерда ноқонуний равишда ғолиб бўлган компания яна ютиб чиқди. Антикоррупция агентлиги биринчи тендерда манфаатлар тўқнашуви ва бошқа қонунбузарликларни аниқлаганди.

Самарқанддаги бузилиши белгиланган 12 қаватли бинода қаҳвахона ишлаётгани аниқланди

Самарқанд туманида 10 йил давомида ноқонуний қуриб келинган 12 қаватли бинони 2022 йилда сейсмик ҳолати ва бошқа талабларга жавоб бермагани учун бузиш бўйича суд қарори берилган. Шунга қарамай, у ерда қаҳвахона ишлаётгани аниқланди ва МИБга қарор ижросини таъминлаш бўйича хат йўлланди.

Ўзбекистоннинг 9 та вилоятидаги айрим жойларида сел келиши мумкин

24−26 май кунлари республиканинг тоғли ва Қирғизистон ҳамда Тожикистон билан чегарадош ҳудудларида сел-сув тошқини хавфи эълон қилинди.

Наманганда метеорологик радиолокатор ўрнатилди

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида 200 км радиусдаги об-ҳаво ҳодисалари ҳақида маълумот берувчи метеорологик радиолокатор ишга туширилди. Ўтган йили худди шундай локатор Бухоро вилоятида ҳам ўрнатилганди. Бу қурилмалар Ўзбекистонда ерусти метеорологик радарларининг ягона тармоғини яратади.

Ўзбекистонда газ, электр ва кўмир қазиб олиш 2022 йилги кўрсаткичлардан пастлигича қолмоқда

Январь-апрель ойларида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,5 фоизга, апрелда эса 8,1 фоизга камайди. 4 ой давомида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 4 фоизга, кўмир 7,4 фоизга тушди. Йил бошидан бери нефть қазиб олиш 4,3 фоизга ўсди, бироқ апрелда пасайиш кузатилди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола:

Тошкентда бош режа муаммоси, 100-фарзанд, «бундай серавтомобилчилик бизга керак эмас». Ўзбек матбуоти 24 майда нималар ҳақида ёзган?

90 йил аввал ўзбек матбуоти нега «Америкадаги серавтомобилчилик»ни исрофгарчиликка тенглаштирган? Шароф Рашидовнинг 60 йил аввалги мақоласида жадидчилик тарафдорлари нега қораланган? 30 йил аввал Тошкентда экологик вазият қандай эди? Бу ҳақда «Газета.uz»нинг «Эски газеталар шарҳи» рукнида ўқинг.