24 май, чоршанба куни Қашқадарё вилояти Ғузор туманида 300 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини қуриш ва фойдаланиш бўйича ўтказилган тендернинг дастлабки ғолиби эълон қилинди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Мазкур лойиҳа Осиё тараққиёт банки (ОТБ) кўмагида «Умумий қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича лойиҳани ишлаб чиқиш ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш дастури» (2-босқич) доирасида амалга оширилмоқда.

Лойиҳани амалга ошириш бўйича таклифлар иккита халқаро компания томонидан тақдим этилган:

  • БААнинг Masdar компанияси қуёш электр станциясида ишлаб чиқарилган 1 кВт/соат электр энергияси учун 3 цент ва аккумулятор тизимининг 1 МВт/соатига 6,33 доллар нарх таклиф қилди.
  • Саудия Арабистонининг Acwa Рower компанияси эса қуёш электр станциясида ишлаб чиқарилган 1 кВт/соат электр энергияси учун 3,0518 цент ва аккумулятор тизимининг 1 МВт/соатига 24,425 доллар таклиф қилди.

Masdar тендернинг дастлабки ғолиби, Acwa Рower эса захира ғолиби деб эълон қилинди.

Кутилганидек, тендер ҳужжатлари тендер комиссияси томонидан яқин кунларда ОТБ маслаҳатчилари иштирокида кўриб чиқилади ва тасдиқланади.

acwa power, masdar, ғузор тумани, қуёш фотоэлектр станцияси

Тендер Энергетика, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликлари, «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» компанияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўтказилди.

Лойиҳа Ғузор туманида 300 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станциясини ва 1 соат давомида 75 МВт қувватни таъминловчи энергия сақлаш тизими (аккумулятор)ни қуришни ҳам ўз ичига олади.

Ғолиб бўлган инвестор 25 йил давомида қуёш электр станциясини лойиҳалаштиради, молиялаштиради ва бошқаради.

Эслатиб ўтамиз, Masdar 2023 йилда Ўзбекистонда учта фотоэлектр станциясини — Жиззах вилоятида 220 МВт қувватга эга Nur Jizzakh, Самарқанд вилоятида 220 МВт қувватга эга Nur Samarkand ва Сурхондарё вилоятида 457 МВт қувватга эга Nur Sherabad фотоэлектр станцияларини қуришни бошлаш ниятида. Ушбу мақсадлар учун компания қарийб 400 млн долларлик кредит олди