24 май куни Шавкат Мирзиёев ва Сингапур президенти Ҳалима Яқуб ҳузурида икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф давомида қуйидаги ҳужжатлар имзоланди:

  1. Ўзбекистон ва Сингапур ҳукуматлари ўртасида 2023−2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  2. Ўзбекистон ва Сингапур Ички ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  3. Ўзбекистон ва Сингапур Адлия вазирликлари ўртасида 2023−2024 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
  4. Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги ва Сингапур Савдо ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Сингапур туризм бошқармаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум;
  5. Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги ва Сингапур туризм агентликлари миллий ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим;
  6. Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва Сингапур ҳамкорлик агентлиги ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, «яшил» иқтисодиёт соҳасидаги қўшма фаолият тўғрисида ҳамкорлик битими;
  7. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги ва Сингапур Бизнес федерацияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум.

Ўзбекистон-Сингапур саммити якунида Кўксарой қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ва Ҳалима Яқуб Фахрий меҳмонлар хиёбонида арча экди.

«Бу давлатлараро муносабатларда янги давр бошлангани Ўзбекистон ва Сингапур халқлари дўстлиги мустаҳкамланиб бораётганининг рамзи бўлди», — дейилади хабарда.