Самарқанд туманида 12 қаватли меҳмонхона ноқонуний қурилгани, бинонинг сейсмик ҳолати талабларга жавоб бермаслиги, колонналарнинг айрим жойлари дарз кетгани сабабли 2022 йилнинг май ойида уни бузиш бўйича «Ўзоғирсаноатлойиҳа» хулосаси берилганди.

Шу кунларда эса ижтимоий тармоқларда бу бинонинг пастки қаватида қаҳвахона иш олиб бораётгани айтилган видеолар тарқалди.

Ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, вазирликнинг вилоят бошқармаси ўрганиш ишларини олиб борган. Жараён давомида бинонинг 1-қаватида ноқонуний равишда қаҳвахона фаолият юритаётгани аниқланган.

«Кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлаётган бу бино бўйича 2022 йилнинг 6 июль куни фуқаролик ишлари бўйича Тойлоқ туманлараро суди томонидан Ф.Халиловга Самарқанд тумани „Жўйисой“ МФЙ ҳудудидаги ўзига тегишли бўлган, ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда қурилган 12 қаватли бино-иншоот (меҳмонхона)ни ўз ҳисобидан бузиши тўғрисида ҳал қилув қарори мавжуд. Бугунги кунда мазкур суд қарорининг ижроси МИБнинг Самарқанд тумани бўлими иш юритувида», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Самарқанд тумани қурилиш бўлими томонидан 2023 йил 15 май куни МИБ Самарқанд тумани бўлимига суд қарорининг ижросини таъминлаш бўйича хат йўлланган.

Маълумот учун, қурилиши 2012 йилда бошланган бино 2 қават ертўлага ҳам эга. Қурилиш ишларида қуйидаги қоидаларга амал қилинмаган:

  • муҳандислик геологияси, лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган ҳамда тасдиқланмаган;
  • белгиланган тартибда шаҳарсозлик кенгашидан ўтмаган;
  • меҳмонхона мажмуаси объекти бош режасини натурага кўчириш далолатномаси расмийлаштирилмаган (ШНҚ 3.01.01−03`нинг 2.4 банди бажарилмаган);
  • қурилиш объектида фойдаланилган қурилиш материалларининг талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги паспорт ва сертификатлари тақдим этилмаган;
  • Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг (3.01.01−03) 7.8, 9.9 бандларига асосан ёпиқ ишларни гувоҳлаш далолатномалари тақдим этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Учтепа туманида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси эскиз лойиҳасида 3 қават бўлиши кўрсатилгани, бироқ амалда 12+1 қават қилиб қурилаётгани аниқланган. Қурилиш вазирлиги бошқармаси ҳолатни ўрганиб, бинонинг қўшимча қисмини бузиш бўйича судга даъво аризасини киритган.