Апрель ойида Қўқон давлат педагогика институтининг қизлар ётоқхонасига ўрнатилган яширин камера ортидан проректор ва уч масъул ходим ишдан бўшатилгани ҳақида хабар берилганди. Олий суд матбуот хизмати улар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган деб топилгани ва жарима жазоси қўлланганини билдирди.

Қайд этилишича, Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳри судининг 5 майдаги қарорига кўра институтнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори О.Б. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 46−1-моддаси (Шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш)да кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга БҲМнинг 15 баравари миқдорида, яъни 4 500 000 сўм жарима (суд жараёни апрель ойида бошлангани сабабли БҲМ миқдори 1 майдан 330 минг сўм этиб белгиланган бўлса-да, 300 минг сўм этиб ҳисоб-китоб қилинган) тайинланган.

Институтнинг таълим технологиялари маркази ходимлари А.М., Б.О. ва бўлим бошлиғи Р.М. ҳам худди шу модда билан айбланиб, уларнинг ҳар бирига БҲМ 10 баравари миқдорида яъни, 3 000 000 сўмдан жарима жазоси тайинланган.

Қарордан норози тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилояти судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест билдиришга ҳақли экани таъкидлаб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, хонасига яширин камера ўрнатилганини билиб қолган қизлар ички ишлар органларига шикоят қилган. Буни эшитган проректор уларга ИИБга мурожаат қилгани учун танбеҳ берган, ректор эса «институт мулкига» зарар етказганини танқид қилган.