Тарих — ҳаёт такрорлардан иборат экани ҳақида сабоқ берувчи энг яхши устоз; ҳар кунлик бу сабоқлардан доим ҳам вақтида ва тўғри хулосалар чиқарилмаса-да, тарих барибир энг яхши устозлигича қолаверади.

Ўзбекистон ва жаҳоннинг бундан 90, 60 ва 30 йил аввалги манзарасига ўзбек матбуоти кўзи билан имкон қадар назар солиш ҳам қизиқ, ҳам фойдали кўринади. Бундан ўн йиллар аввал айнан бугунги санада нималар бўлган, давр матбуоти уларни қандай ёритган, жамоатчиликнинг муносабати қандай эди — барини «Эски газеталар шарҳи» рукни орқали кузатиб бориш мумкин.

1933 йил, 24 май, чоршанба

«Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасининг 1933 йил 24 май сонидаги бош мавзулар — пахта ва заём: қаерда ғўза ривожи қандай кетяпти, қайси ҳудуд меҳнаткашлари ўз ойлик маошлари ҳисобидан заём сотиб олиш бўйича пешқадам ёки қолоқ. Ундан кейинги ўринларда, масалан, пичан муаммоси. «Қишда „пичан йўқ“ деб шовқин кўтарувчилар пичан ўриш пайтида ширин уйқуда» деган катта рукн остида бир неча танқидий материаллар берилган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 24 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 24 май сонидан лавҳа

«Айрим ташкилотларнинг пичан ўришдаги кичкина ютуқларини ҳисоб қилмай, умуман олганда, Ўзбекистонда пичан ўриш жуда ҳам ёмон аҳволда келаётир. Жумҳуриятнинг пичан теришга қатнашувчи ташкилотлари ўтган йиллардаги сабоқларни бу йил эътиборга олишни мутлақо хаёлларига келтирмайдилар. Ваҳоланки, ўткан йилларда Ўзбекистон социалистик чорвачилиги учун мустаҳкам озиқ базаси вужудга келтиришда катта ўпирилишлар бўлган эди», — дейилади Жавлон тахаллусли мухбирнинг ахборотида.

Газетанинг дастлабки саҳифаларида кўтарилган яна бир долзарб масала қизил чойхоналар аҳволига доир. 1920−1930 йилларда совет мулозимлари томонидан чойхона муҳим тарғибот ва ташвиқот (пропаганда) муассасаси сифатида кўрилган, улардан нафақат дам олиш жойи, балки сиёсий ва маданий майдонча тариқасида фойдаланишга ҳаракат қилинган. «Қизил Ўзбекистон»нинг «Чинакам шўро қизил чойхонаси учун курашайлик» катта сарлавҳаси остида берилган материалларда эса бу мақсад кўпда рўёбга чиқмаётгани танқид қилинган.

«Фарғона район маорифи тумшуғи тагида турган чойхоналарни намунавий бир ҳолга келтиришга қизиқмайди. Натижада марказий чойхоналар ҳар томондан сурилган, ишончсиз ўғри, безори ва бузуқ кишилар қўлига ўтиб, чойхонада қиморбозлик, қартабозлик, наша, чилим чекиш, ошкора равишда ичкилик базмларини уюштириш одат шаклига кириб қолди. Қишлоқ ва колхоз чойхоналари эса бундан ҳам баттар аҳволда… Колхозчилар ишдан чойхонага келиб, фақат чой ичиш билан қайтиб кетадилар. Уларни хурсанд қилиш, газетанинг ҳар турли хабарларини баланд овоз билан ўқиб эшиттириш ва бошқа маданий-оммавий ишлар уюштирилмаган», — деб ёзади мухбир Жўра Мўминов.

Газетанинг шу сонида Ўзбекистон Фуқаролик кодексига киритилган бир ўзгартириш ҳақида қисқача ахборот берилади. Унга кўра, «Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида тартибни сақлаш юзасидан кўча тартибини бузган шофёрлардан 5 сўм, гражданлардан 3 сўм иштраф олинур. Бошқа шаҳарларда 3 ва бир сўм иштраф олинир. Тўлашдан бош тортувчилар жавобгарикка тортилажак».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 24 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 24 май сонидан лавҳа

Асосан Тошкентга доир хабарлардан иборат «Хроника»даги сўнгги ахборот қизиқ: «Сўнгги кунларда Тошкент шаҳар комхозига уй-жой топа олмасдан сарсон бўлиб юрган ишчи-хизматчилардан ариза берувчилар жуда кўпайди. Шаҳар комхози уларни уй-жой билан таъминлаш учун ўз томонидан шошилинч суратда 5 кишилик комиссия тузди. Бу комиссиялар шаҳардаги квартираларни текшириб чиқиб, уйларни қонунсиз ишғол қилган кишиларни топадилар. Комиссиянинг иш муддати 1 июнгача борадир. Шу вақт ичида уй-жой учун қийналган ўртоқлар бутун таъминланиши шарт».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 24 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 24 май сонидан лавҳа

Газетанинг бу сонидаги хабар ва мақолалар ичида энг қизиқарлиси, эҳтимол, «Ўз енгил автомобилимиз» сарлавҳали материалдир. У Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург) шаҳридаги «Красний Путиловец» заводида йиғилган «Л-1» русумли автомобиллар ҳақида. Уларни йиғиш 1933 йил мартида бошланиб, дастлабки олтита машина 1 май куни Ленинграддаги парадда чиқиш қилган. Мақолада ушбу автомобиль «шўро саноатининг энг катта ғалабаси» дея таърифланади.

Аммо бугунги кун ўқувчиси учун ушбу автомобилнинг техник тафсилотларидан кўра мақола бошида келтирилган АҚШ ва СССРдаги автомобиллар билан боғлиқ вазиятга доир таърифлар қизиқроқ бўлса керак. Унда шундай гапларни учратасиз:

«Америкада шунчалик автомобиль кўп, шунчалик кўпки, Америка кўчалари худди завод конвейерларига ўхшаб кетади. Фақат бирор машинанинг айрим бўлаклари ўрнига унда автомобиллар ҳаракат қилади. Буржуазиядаги бундай зийнат ва исрофгарчилик бизда йўқ. Бизда бунчалик „серавтомобилчилик“ ҳам керак эмас».

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 24 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1933 йил 24 май сонидан лавҳа

Қайд этиш жоиз, мақолада «Форд»лар, «Паккард»лар, «Фиат»лар ва бошқалар билан «дангал баҳслаша олиши» айтилган «Л-1» автомобилларининг умумий сони 1933 йил 1 май парадида кўз-кўз қилинган олти донадан ошмаган. Ваҳоланки, режа бўйича «шўро автотехникасининг энг сўнгги ютуқлари»ни ўзида жамлаган ушбу улов йилига камида 20 минг дона йиғилиши керак эди.

1963 йил, 24 май, жума

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 24 май сонидаги асосий мавзу — пахта. Ғўза қандай етиштирилиши керак, қандай етиштириляпти, қайси хўжаликлар илғору намуна, қайсиларида муаммолар бор — асосий мақолалар, хусусан, тўрт саҳифалик газетанинг бутун 3-саҳифаси шу мавзуга бағишланган. Улар орасида, масалан, Наманган вилояти пилла режасини бажаргани ҳақидаги хабарчага жой топилган:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 24 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 24 май сонидан лавҳа

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасида қурилган Каркидон сув омбори («Каркидон денгизи») билан тўлдирила бошлагани ҳақида хабар ҳам ғўза ривожи ҳақидаги мақолалар орасидан жой олган — чунки бу иншоотнинг қурилишига ҳам пахта сабабчи:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 24 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 24 май сонидан лавҳа

30 йил аввал бўлганидек, 1963 йилнинг майида ҳам ем-хашак масаласи долзарб. «Ҳозир хашак тайёрлашнинг жуда ғанимат пайти. Ўтнинг шираси қочмаган. Бундай пичанни моллар иштаҳа билан ейди. Ўт ўриш қанчалик кечиктирилса, у иссиқда қовжираб, озуқалик қимматини шунчалик кўп йўқотади. Оқсил моддаси қолмаган ҳашак молларнинг баданига юқмайди. Лекин кўпгина жойларда бу ҳисобга олинмаётир», — дейилади «Дала ишлари кундалиги» рукни остида берилган материалда:

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 24 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 24 май сонидан лавҳа

Газетанинг бу сонида берилган эътиборга молик материаллардан бири — республика раҳбари Шароф Рашидовнинг Москва «Правда»сининг 23 май сонида босилган «Дўстлик туфайли кучлимиз, бахтиёрмиз» мақоласи таржимасидир. Рашидовнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда «Ўзбекистон қиёфаси мисли кўрилмаган даражада ўзгариб кетди». «Илгари ҳатто михни ҳам олис ерлардан келтириб юрган ўлкада ҳозир саноатнинг юздан ортиқ тармоғи мавжуд бўлиб, ўз маҳсулотини жаҳондаги 58 мамлакатга чиқариб турибди», — деб ёзади Ўзбекистон раҳбари.

Мақолада Ўзбекистоннинг энергетика қудратига алоҳида таъриф берилади. «Ҳозир Ўзбекистонда 1913 йилдагига қараганда 2 060 баравар кўп ва революциядан аввалги бутун Россиядагига қараганда уч ярим баравар кўп электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда… Ҳозир шаҳар ва қишлоқларни газлаштириш кенг кўламда олиб борилмоқда, тез орада эса қўшни республикалар билан Россия Федерацияси Ўзбекистон газини ола бошлайди», — деб таъкидлаган Шароф Рашидов.

Ўзбекистон етакчисининг мақоласи фақат иқтисодиёт ҳақида эмас. Унда, жумладан, Ўзбекистон Компартияси «шахсга сиғиниш оқибатларига қарши кураш ниқоби остида жадидизмни, ана шу реакцион контрреволюцион оқимни оқлашга, унинг идеологларини оқлашга уринган кишиларга ҳам кескин зарба бергани» қайд этиб ўтилган.

Газетанинг сўнгги, асосан кўнгилочар маълумотлардан иборат 4-саҳифасида «Юзинчи фарзанд» сарлавҳали хабар эътиборга молик. Унда Тошкентнинг исталган ишхонасидан Чилонзорнинг Янгиобод маҳалласида яшовчи Тўлаган отанинг ё ўғли, ё невараси, ё чеварасини топиш мумкинлиги, яқинда унинг Ҳуснижамол исмли қизи қиз кўргани, бу отанинг хонадонидаги 100-фарзанди экани ҳикоя қилинади.

«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 24 май сонидан лавҳа«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1963 йил 24 май сонидан лавҳа

1993 йил, 24 май, душанба

1990 йиллар бошида республика миқёсидаги газеталар душанба куни чиқмасди. «Тошкент оқшоми» — иш ҳафтаси бошида пойтахт газета дўконларида тарқатиладиган камсонли оқшомги рўзномалардан бири. Унинг 1993 йил 24 май сонидаги бош материал — Ҳиндистон бош вазири Нарасимха Раонинг Ўзбекистонга ташрифига доир ахборот (газетанинг 2-саҳифаси бутунича Ҳиндистон ҳақидаги материалларга бағишланган).

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 24 май сонидан лавҳа«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 24 май сонидан лавҳа

Шунингдек, газета бош саҳифасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигида Тошкентни 2010 йилгача ривожлантириш бош режаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш ҳақидаги материал ҳам ўрин олган. «Шаҳар марказидан узоқлиги 5 километрча бўлган аэропортни пойтахт ташқарисига кўчириш масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Унинг ҳал қилиниши уй-жой қурилиши ва бошқа мақсадлар учун қўшима ерларнинг ажратилишига имкон яратибгина қолмай, балки турли ноқулайликларни сезиларли даражада камайтиради, аҳолига яшаш учун бехавотир шароитлар яратади», — дейилади мақолада.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 24 май сонидан лавҳа«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 24 май сонидан лавҳа

«Оқшом»нинг 3-саҳифаси Тошкент шаҳар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан ҳамкорликда тайёрланадиган «Табиат ва инсон» иловасининг 26-чиқишига ажратилган. Ушбу иловада экологик тарғибот тадбирлари, шунингдек, Тошкентдаги экологик муаммолар ҳақида материаллар бериб борилган. Қўмита масъул ходимлари Муборак Хонхўжаева ва Шукур Ҳидоятов томонидан тайёрланган «Яхши ният — ёрти мол» материалида Тошкент каналларининг ифлосланиши муаммолари кўтарилган.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 24 май сонидан лавҳа«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 24 май сонидан лавҳа

«Айрим ташкилот, корхоналар томонидан каналларнинг сув муҳофаза зонаси ҳисобланган жойларда умумий овқатланиш, автомобиль сақланадиган жойлар ва бошқа иншоотлар қурилиши давом этмоқда. Биргина Бўзсув каналининг қирғоғида Оқтепа майдони атрофида „Самарқанд“ ресторанининг филиали ҳамда салқин ичимликлар сотиладиган магазин қурилаётганини кўриш мумкин. Оқибатда канални ишлатиш, уни тозалаш ва кузатув ишларини олиб бориш имкони қолмаган. Чунки каналга ўтиш учун йўл ҳамма томондан беркитиб қўйилган», — дейилади мақолада.

Газетанинг сўнгги саҳифасида «Тошкент шаҳар йўловчи транспорти» давлат ассоциацияси ва «Тошкент» иссиқлик тармоқлари корхонаси томонидан берилган айрим эълонлар аниқлиги билан эътиборни тортади. Биринчи ташкилот берган эълонда Сағбон кўчасининг бир қисми канализация тармоқларини ўтказиш ишлари сабаб уч ойга ёпилгани, шу боис айрим автобус йўналишлари бошқа кўчалар бўйлаб ҳаракатланиши айтилади. Иккинчи эълон ҳам тахминан шу мазмунда — унда иссиқлик қувурлари ётқизилиши сабаб Лисунов кўчаси бўйлаб ҳаракатланувчи автобуслар йўналиши 15 июнгача ўзгариши айтилади. Ўрни келса, бундай тафсилотларни ҳозирги кунда ҳам барча ташкилотлар бера олмайди.

«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 24 май сонидан лавҳа«Тошкент оқшоми» газетасининг 1993 йил 24 май сонидан лавҳа