22 май куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 242-мактаб ўқувчиси танишини пичоқлаб ўлдирди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Ўша куни соат 23:30 да 19 ёшли ўқувчи унинг Samsung телефонини олиб қўйишга ҳаракат қилган таниши билан жанжаллашган. Сўнгра ўқувчи ўткир тиғли жисм билан бир неча маротаба танишига тан жарохат етказган ва воқеа жойидан яширинган.

Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг маълум қилишича, жанжал ўқувчи ва 21 ёшли таниши бир-бирини ҳақорат қилишидан келиб чиққан. Сўнгра бир-бирига пичоқ ўқталган.

Ўқувчи Р.А. Зангиота тумани судининг 2022 йил 1 июндаги қарорига асосан 24-тарбия колониясидан Олмазор туманидаги 242-мактабга ўқишга қабул қилинган. Тарбия колониясидан келгани сабабли ўқувчи мактабнинг ички рўйхатида туради.

«ИИБ ходимлари ҳамда мактаб маъмурияти у билан мунтазам профилактик суҳбатлар олиб борган. Дарсларда мунтазам қатнашган. 2022−2023 ўқув йили давомида у билан муаммоли вазият бўлмаган. Мактабга мунтазам келган. Ҳулқида ўзгариш бўлмаган», — дейилади хабарда.

Олинган тан жарохатлари оқибатида жабрланувчи вафот этган. Холат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши кузғатилган. Гумонланувчи ушланган.