Шу йилнинг май бошларида Антикоррупция агентлиги Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Алишер Навоийнинг бронза ҳайкалини ўрнатиш бўйича тендер натижаларини ноқонуний деб топиб, бекор қилганди. Май охирламасдан туриб, Ўзбекистон Бадиий академияси қайта тендер ўтказди. Унда илк тендер ғолиби қатнашиб, яна ютиб чиқди. Бунга Ғазна Telegram канали эътибор қаратди.

Гап шундаки, 8 май куни Ўзбекистон Бадиий академияси буюртмачилигида «Алишер Навоийнинг бронза ҳайкалини яратиш ва Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўрнатиш хизмати» юзасидан 1 млрд 416,0 млн сўмлик давлат хариди ўтказилганди.

Унда TIART МЧЖ ғолиб деб топилган. Бироқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ушбу тендер ноқонуний ўтказилганини маълум қилиб, харид комиссиясининг баённомаси бекор қилинганди.

Антикоррупция агентлигининг ўрганишларига кўра, ушбу давлат харидини амалга ошириш жараёнида буюртмачи томонидан Ўзбекистон «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддаси (рақобат ва холислик принципи), 14-моддаси (манфаатлар тўқнашуви), 46-моддаси (давлат харидлари жараёнидаги чекловлар) талабларига амал қилинмаган ва бошқа қонунбузилиши ҳолатларига ҳам йўл қўйилган.

Хусусан, харидда иштирок этган 3 нафар талабгорнинг («TIART» МЧЖ, «Biznes Imkon Stroy Service» МЧЖ ва «Elegant Canteen» МЧЖ) ҳужжатлари харид комиссиясининг раиси ва тўрт нафар аъзолари фойдаланган ягона компьютер (IP-манзиллари бир хил) орқали электрон платформага юкланган.

Мазкур ҳолатлар бўйича давлат хариди ўтказилган куннинг ўзида харид комиссиясининг баённомасини бекор қилиш тўғрисида буюртмачига тақдимнома киритилган ва қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилган.

Шунга қарамасдан Ўзбекистон Бадиий академияси 22 май куни иккинчи бор тендер ўтказди. Унда фақат икки компания — «ЯТТ Аллаберганов Оллаберган Давлатёрович» ва «TIART МЧЖ» иштирок этган. Якунда эса яна тендерда комиссия раиси билан бир хил компьютердан кирган «TIART МЧЖ» ғолиб деб топилди.

Ғазна`нинг ёзишича, «TIART МЧЖ»нинг бу сафарги рақиби Оллоберган Аллаберганов Бадиий академия қошидаги Бадиий ижодкорлар уюшмаси ходими, ҳайкалтарош ҳисобланади.

Аллабергановга тегишли компания маълумотларини КТЯДРдан топишнинг имкони бўлмади.

тендер, алишер навоий ҳайкали, Ўзбекистон Бадиий академияси, коррупцияга қарши курашиш агентлиги

КТЯДРда маълумотларига кўра, «TIART МЧЖ»да 100 фоизлик улушга эга Жасвантбек Анназаров Бахрамовичнинг ўзи раҳбарлик қилади. Компаниянинг асосий фаолият тури — бошқа тоифаларга киритилмаган тайёр металл буюмларни ишлаб чиқаришдан иборат. Устав капитали 116 млн сўмни ташкил қилади.