Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкаси тузилади. Бу ҳақда 24 май куни Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.

Мажлисда Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузуридаги сайлов участкаларини тузиш ҳамда сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текширувчи эксперт гуруҳларини тузишга оид масалалар кўриб чиқилди.

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида 56 та сайлов участкаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилинди ҳамда мазкур сайлов участкалари 14-Тошкент шаҳар сайлов округига бириктирилди.

Хусусан, Австрия, Афғонистон, Беларус, Белгия, Буюк Британия, Вангрия, Индонезия, Исроил, Испания, Италия, Кувайт, Латвия, Малайзия, Миср, Озарбайжон, Покистон, Полша, Сингапур, Таиланд, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Оман, Франция, Ҳиндистон, Швейцария, Швеция, Эрон ва Японияда — 1 тадан; АҚШ, БАА, Германия, Жанубий Корея, Қирғизистон, Саудия Арабистони, Туркияда — 2 тадан; Қозоғистон ва Хитойда — 3 тадан; Россияда — 7 та сайлов участкалари тузилади.

Мажлисда шунингдек, сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи эксперт гуруҳлари тузилди ҳамда тегишли қарор қабул қилинди.

Эксперт гуруҳи таркибига жами 36 нафар криминалист, хатшунос эксперт-мутахассислари, шунингдек, олий таълим муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг вакиллари жалб этилди. Имзо варақаларини текширишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ҳам иштирок этадилар.

Сиёсий партиялар тақдим этган имзо варақаларининг тўғри тўлдирилганлиги Марказий сайлов комиссияси томонидан тўрт кунлик муддатда текширилади.