23 май куни Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида Финляндиянинг Vaisala компанияси етказиб берган ва ўрнатган метеорологик радиолокатор ишга туширилди, деб хабар берди Ўзгидромет матбуот хизмати. Тадбирда Ўзгидромет раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, Япония элчиси Ҳатори Такаши ва бошқалар иштирок этди.

24 м баландликда ўрнатилган радиолокатор 200 км радиусда мавжуд ва кутилаётган об-ҳаво ҳодисалари тўғрисида, жумладан, булутлар оқими ва тури, шамол тезлиги ва йўналиши, ёғинлар миқдори ва тури (ёмғир, дўл, қор) ҳамда унинг давомийлиги, момақалдироқ содир бўлган ҳудудларни визуализация қилиш орқали метеорологик карталарга туширади ва олдиндан хабардор қилиш имкониятлари мавжуд.

гидрометеорология хизмати, ўзгидромет

Ўтган йилнинг баҳорида худди шундай радиолокатор Бухоро вилоятининг Когон туманида ҳам ўрнатилганди. Тошкент, Самарқанд ва Нукус шаҳарлари аэропортларида АҚШнинг Baron Service ва Германиянинг Selex компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган «С» доплерли метеорологик радиолокатор тизимлари ўрнатилган. Улар Ўзбекистон ҳудудида шамолнинг йўналиши, горизонтал тезлиги, радиолокатор радиусидаги ёғинлар миқдори ва жадаллиги каби метеорологик ҳодисалар, булутлар ҳаракатини кузатиш, дўл ва момақалдироқ жараёнлари ривожланишини прогнозлаш имконини беради.

Шу куни Наманган шаҳрида БМТТД иштирокида ва Ўзбекистон ҳукумати молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида мева-сабзавот етиштирувчиларнинг иқлим ўзгаришига мослашувини яхшилаш» лойиҳаси доирасида йиғилиш бўлиб ўтди.

Лойиҳага кўра, Фарғона водийси ҳудудида 20 та кичик агрометеорологик станция ўрнатилган. Агромет маълумотларига эга бўлган фермерлар ўз агротехник тадбирларини иқлим ўзгаришига мос равишда режалаштириш, деҳқончилик харажатларини камайтириш ва маҳсулот сифатини яхшилаш имконини беради.

Ўзбекистондаги табиий офатлар ҳар йили ўртача 1,4 миллион кишига таъсир қилади. Зарар миқдори йилига тахминан 3 миллиард долларни ташкил этади.