Конституция бўйича ўтказиладиган референдум бюллетени тасдиқланди

30 апрелда бўладиган референдумда овоз бериш бюллетенининг шакли ва тавсифи тасдиқлади. Унда янги «Конституцияни қабул қиласизми?» деган саволга «ҳа» ёки «йўқ» жавоблари акс этган. Бюллетенларни кўзи ожиз овоз берувчилар томонидан тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида трафаретлар ҳам тайёрланади.

Ўзбекистонда қизлар кўпроқ шифокор, йигитлар эса IT мутахассиси бўлмоқчи — тадқиқот

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти ўрганишларига кўра, 86 фоиз ота-оналар фарзандларининг касб бўйича танловини маъқулламоқда. Қизлар кўпроқ шифокор ва ўқитувчи касбини танлаган бўлса, йигитлар IT мутахассислиги, шифокор ва иқтисодчи касбларини афзал кўрган.

Тошкентда метро эстакадалари остида Берлиндаги каби умумий овқатланиш шохобчалари ва дўконлар очилиши мумкин

Ўзбекистон президентига Тошкентнинг Яшнобод туманида метро эстакадалари остидан савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари қурилиши лойиҳаси тақдим этилди. Лойиҳани ишлаб чиқишда Берлин тажрибаси кўриб чиқилди.

Тошкент вилоятида 2,5 мингта оила учун «Менинг биринчи уйим» лойиҳаси бошланади

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида 36 гектарлик майдонда «Менинг биринчи уйим» дастури амалга оширилади. Дастур доирасида 2,5 мингта оила учун 58 та кўп қаватли уй қурилади. Ушбу уйлардаги 2 ва 3 хонали хонадонлар учун ойлик тўлов миқдори амалдаги субсидияли ипотека тўловларидан арзон бўлади.

9 та вилоятда қурилишга масъул «замҳокимлар» ва МБнинг ҳудудий раҳбарлари ҳайфсан олди

Президент «Янги Ўзбекистон» массивлари бўйича уйларни топшириш ишлари чўзилиб кетгани учун 9 та вилоятда ҳокимларнинг қурилишга масъул ўринбосарлари ва Марказий банкнинг вилоят бўлинмалари раҳбарларига ҳайфсан эълон қилди.

Суд Sof.uz нашридан Anorbank фойдасига 3,7 млрд сўм ундириш тўғрисида қарор чиқарди

Anorbank «ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилгани учун» Sof.uz нашри устидан судга даъво киритган эди. 2022 йилнинг ноябридан бери кўрилаётган иқтисодий низо якунига етди. Суд sof.uz нашрига Anorbank фойдасига 3,7 млрд сўм миқдорида зарар тўлашга қарор чиқарди.

Қашқадарёда эркак асраб олган 13 ёшли қизини зўрлагани айтилмоқда

Чироқчи туманида 52 ёшли эркак меҳрибонлик уйидан асраб олган 13 ёшли қизни зўрлаб, ҳомиладор қилиб қўйгани айтилмоқда. Олий суд ҳолат бўйича жиноят иши 7 апрель куни ёпиқ суд мажлисида кўрилишини маълум қилди.

Қашқадарёдаги қишлоқда юрган айиқни ҳаракатсиз ҳолга келтириб, табиатга қайтариш режалаштирилмоқда

Чироқчи туманидаги қишлоқлардан бирига айиқ келиб қолди, тармоқларда унинг юргани акс этган видеолар тарқалди. Маҳаллий аҳоли уни машинада уриб юбормоқчи ҳам бўлди. Табиат ресурслари вазирлиги ва Тошкент ҳайвонот боғи ходимлари пойтахтдан воқеа жойига жўнаб кетди.

Ёғоч ва ойна импорти 2025 йилгача божхона божидан озод этилади

Ўзбекистонда 2025 йилга қадар ёғоч, фанера, ёғочли опалубка ва ойнани импорт қилишда божхона божи бекор қилинади. Шунингдек, юқори маркали цемент бўйича божхона божи имтиёзи яна 1 йилга узайтирилади.

Тошкент аэропортида меҳмонхона очилади. Фото

Тошкент аэропортида шарқона кўринишдаги меҳмонхона очилади. Унга ташриф буюрувчилар учун маълумот таблоси, ҳаммом ва душ хонаси тақдим этилади, қабулхона кечаю кундуз ишлайди ва ҳар бир йўловчига самолётга чиқиш учун индивидуал таклифнома тақдим этилади.

Ўзбекистонда 1 майдан даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредитлари берилади

1 майдан даромади етарли бўлмаган аҳоли ҳам ипотека кредити олиши мумкин бўлади. Тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллар ҳисобга олинади. Аҳолига ҳовлисини кенгайтириш ва уй сотиб олиш учун 3,2 трлн сўм кредит ажратилади.

Буюк Британия Ўзбекистонда ўтказиладиган бокс бўйича жаҳон чемпионатини бойкот қилди

Буюк Британия бокс федерацияси май ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатига бойкот эълон қилди. Бундай қарорга Россия ва Беларусь спортчиларининг ўз мамлакат байроқлари остида мусобақада қатнашиши сабаб бўлган.

«Дмитрий Рилов Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтмаган» — Бош прокуратура

Ўзбекистон Бош прокуратураси Санкт-Петербургдаги кафеда «ҳарбий офицер» Максим Фомин (Владлен Татарский) ҳалок бўлган портлашга алоқадорликда гумонланган Даря Трепованинг турмуш ўртоғи Дмитрий Рилов Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтмагани ва шунга кўра мамлакатда бўлиши мумкин эмаслигини маълум қилди.

Индонезияда тўрт нафар ўзбекистонлик террор ташкилотга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинди

Индонезияда 4 нафар ўзбекистонлик «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террор ташкилотининг ташвиқотини ижтимоий тармоқларда тарқатганликда гумонланиб, қўлга олинди. Гумонланувчиларнинг буюмлари далил сифатида олинган.

Ўзбекистон Hyundai, Kia, Toyota компаниялари учун тайёр чарм етказиб бериши мумкин

Жанубий Кореядаги автомобилсозлик корхоналарига чарм етказиб берувчи JM компанияси Тошкент вилоятида қўшма корхона очиши мумкин. У ердаги чарм Корея компанияларига етказилади. Шунингдек, компания Ўзбекистондан тайёр ва яримтайёр чармни харид қилишни бошлайди.

Муддати ўтган, контрафакт ва яроқсиз товарлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади

Президент қарорига кўра, сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарлар ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади. Шунингдек, ўзганинг товар, хизмат кўрсатиш белгисидан ёки фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун жавобгарлик кучайтирилади.