Uzbekistan Airports ахборот хизматига кўра, Тошкент аэропортида тез орада стерил зонадаги яна бир блок фойдаланишга топширилади, у ерда ҳаммом, таҳорат олиш ва намоз ўқиш хоналари, «Анжир» бизнес-зали ва биринчи бор кичик меҳмонхона очилади.

«Бу шунчаки „капсулалар“ эмас, балки тўлиқ бир кишилик тўшак ва минимал аксессуарлар тўплами — чироқ, кийим илгичи, қўл юки учун жавон, стол бўлган кичик қулай кабиналар бўлади. Бундай кабиналарнинг моҳияти шундан иборатки, йўловчи кутиш вақтида аэропортдан ва транзит зонадан чиқмасдан бир неча соат давомида унда қолиб дам олиши мумкин», — дейилади компания матбуот хизмати хабарида.

Меҳмонхонага ташриф буюрувчилар учун маълумот таблоси, ҳаммом ва душ хонаси тақдим этилади, қабулхона кечаю кундуз ишлайди ва ҳар бир йўловчига самолётга чиқиш учун индивидуал таклифнома тақдим этилади.

Меҳмонхонанинг икки қаватида 27 та турар жой бўлади. Биринчи қаватда, шунингдек, қабулхона, ҳаммом ва душ хонаси бўлади. Меҳмонхона шарқона услубда қурилади. Лойиҳа устида ишлаш учун дизайнер Бобур Исмоилов таклиф этилган.

«Пойтахт аэропорти бизнинг кўз ўнгимизда замонавий халқаро марказга айланмоқда ва мен унинг ўзгаришига ўз ҳиссамни қўшганимдан жуда хурсандман. Бизнинг меҳмонхонамиз дунёнинг кўплаб аэропортларидаги ўхшаш меҳмонхоналарга қараганда бутунлай бошқача услубда яратилган. Биз хоналарда шарқона кўриниш ва ҳашаматни, шунингдек, Европа минимализми ва ихчамлигини сақлашга ҳаракат қилдик. Афсуски, ҳар бир транзит йўловчи Ўзбекистонда қолиб, қадимий шаҳарлар ва маданиятни кўра олмайди. Шундай экан, мақсадимиз айнан аэропортда ҳақиқий шарқона муҳит яратиш эди», — дейди Бобур Исмоилов.

Меҳмонхона соҳа профессионаллари (меҳмонхона/меҳмонхона тармоғи) бошқарувига ўтказиш режалаштирилган. Ҳудудни ижарага олиш учун тегишли лот (№4974858) E-auksion.uz электрон платформасида жойлаштирилган. Меҳмонхонанинг умумий майдони 240 кв.м, бошланғич йиллик қиймати 325 440 000 сўм. Аукционда белгиланган техник топшириқларга жавоб берадиган барча компаниялар иштирок этиши мумкин.

Фото

тошкент аэропорти, меҳмонхона

тошкент аэропорти, меҳмонхона


тошкент аэропорти, меҳмонхона

тошкент аэропорти, меҳмонхона