Буюк Британия бокс федерацияси Тошкентда бўлиб ўтадиган бокс бўйича эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатини Россия ва Беларусь спортчиларининг ўз мамлакат байроқлари остида қатнашиши сабаб бойкот қилишга қарор қилди. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилди.

«Ушбу қарор Олимпиада дастуридаги бокснинг келажаги борасида давом этаётган хавотирларни ҳамда Халқаро бокс ассоциациясининг (ХБА) Россия ва Беларус боксчиларига ўз байроқлари остида мусобақада қатнашишларига рухсат бериш ҳақидаги қарорини акс эттиради. Бу ХОҚ (Халқаро олимпия қўмитаси) позициясига зиддир», — дейилади хабарда.

Федерация Россиянинг Украинага бостириб киришини қоралаб, Украина халқи, боксчилари, мураббийлари ва расмийларига бирдамлик билдирди.

Тошкент шаҳрида бокс бўйича эркаклар ўртасидаги ушбу жаҳон чемпионати 30 апрель — 14 май кунлари бўлиб ўтади.

Россиялик Умар Кремлев раҳбарлик қиладиган IBA (собиқ AIBA) 2022 йилнинг октябрь ойида россиялик ва беларуслик боксчиларнинг дисквалификациясини бекор қилиб, уларга халқаро майдонларда миллий байроқлар ва давлат мадҳиялари остида қатнашишларига рухсат берганди. Шу туфайли АҚШ, Полша, Швецария, Нидерландия, Буюк Британия, Ирландия, Чехия, Швеция, Канада ва Украина каби ўндан ортиқ мамлакатлар жаҳон чемпионатини бойкот қилишга қарор қилганди.

Мазкур давлатлар март ойида Ҳиндистонда бўлиб ўтган аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ҳам ўтказиб юборган. Буюк Британия бойкот қилувчи давлатлар қаторида бўлган, аммо кейинчалик мамлакат бокс федерацияси бойкот фақат аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати учун бўлганини билдирганди.

Бойкот эълон қилгани муносабати билан Ўзбекистон бокс федерацияси мамлакат мусобақани ўтказиш ҳуқуқини олганида ҳеч қандай чеклов бўлмаганини маълум қилганди. «Ўзбекистон спорт сиёсатдан холи тамойилини қўллаб-қувватлайди», — дейилганди федерация хабарида.