5 апрель куни Шавкат Мирзиёев раислигидаги йиғилишда аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш учун қурилиш таннархини пасайтириш зарурлиги қайд этилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Шу мақсадда:

  • 2025 йилга қадар ёғоч, фанера, ёғочли опалубка ва ойнани импорт қилишда божхона божини бекор қилиш;
  • юқори маркали цемент бўйича божхона божи имтиёзини яна 1 йилга узайтириш (бунинг ҳисобига уй-жой қуриш таннархи 5 фоизгача пасаяди);
  • пудрат ташкилотларига қурилаётган уйни қаватма-қават гаровга қўйиш ва ҳар бир қавати учун кредит олиш ҳуқуқини бериш;
  • банклар берадиган кредитларни давлат томонидан қайта молиялаш амалиётини давом эттириш;
  • қурувчиларга кафиллик ва компенсация тўлаш тартибини такомиллаштириш;
  • аҳолига ўз уйини энергия тежамкор материаллардан фойдаланиб таъмирлашига 10 йилга 16,5 фоиздан 80 миллион сўмгача кредит беришга қарор қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қишлоқ хўжалиги техникаси импорти 3 йилга бож ва утилизация йиғимидан озод қилинганди. Шунингдек, президент 2024 йилгача 36 турдаги озиқ-овқат ва товарлар — пишлоқ, творог, шоколад, қандолат маҳсулотлари, олма, нок, беҳи, йогурт, кефир, сут маҳсулотлари, макарон, чўчқа гўшти, пиёз, салат барги импортига 2024 йилгача ноль ставка жорий этилишини тасдиқлаган.

Бундан ташқари, 2022 йилда президент қарори билан 2025 йилнинг 1 январига қадар 21 турдаги хомашё ва яримтайёр маҳсулотлар импорт божидан озод қилинган.