Тошкент туманлараро иқтисодий судида даъвогар Anorbank АЖ ва жавобгар Komil unsur МЧЖ («Sof.uz» интернет нашри) ўртасида кўрилаётган иқтисодий низо якунига етди.

Anorbankнинг маълум қилишича, Тошкент туманлараро иқтисодий судида — «Sof.uz» веб-сайти томонидан Anorbank АЖнинг ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатилганлиги натижасида банкка етказилган зарарни веб-сайт муассиси Komil unsur МЧЖ ҳисобидан ундириш тўғрисидаги даъво билан боғлиқ иқтисодий иш бўйича суд мажлиси якунланган.

Таъкидланишича, суд қарори бўйича Komil unsur МЧЖ ҳисобидан Anorbank АЖ фойдасига инфоҳужум оқибатида банк томонидан амалга оширилган 3,7 млрд сўм миқдорида ҳақиқий зарар суммасини ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

«Биз ҳар қандай журналистик текширувлар холисона, банк соҳаси мутахассислари ва экспертларининг тегишли фикр-мулоҳазалари ва хулосаларини инобатга олган ҳолда олиб борилиши лозимлиги ҳақидаги позициямизни алоҳида таъкидлаймиз. „Sof.uz“ веб-сайти томонидан банк ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган, текширилмаган, банкнинг фикри олинмаган сохта ахборотлар тарқатилиши оқибатида ушбу низо юзага келган эди», — дейилади банк ахборотида.

Банк ОАВлар, журналистлар ҳамжамияти ва блогерлар билан профессионал, ўзаро манфаатли ва очиқ муносабатларга содиқлигини тасдиқлаб, улар билан доимо мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини сақлашга ҳаракат қилишини қайд этган.

«Anorbank ўзининг бизнес имижига, акциядорлар, ходимлар обрўсига ва жамоатчилик фикрига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан қарайди. Банк бундан кейин ҳам республикамиз ахборот маконида ўз брендини қўллаб-қувватлаш ва турли ахборот хуружларидан ҳимояланишга эътиборини қаратади», — дейилади банк муносабатида.

Эслатиб ўтамиз, даъвогар Anorbank АЖ жавобгар Komil unsur МЧЖдан тегишли веб-сайт ва Telegram-каналида банкнинг ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга банкнинг раддиясини чиқариш, YouTube-каналида раддияни эфирга бериш мажбуриятини юклаш хамда 10 млрд сўм ололмай қолинган даромад ҳамда ишчанлик обрўсига путур етказилгани учун 5 млрд сўм маънавий зарар ундиришни сўраган эди. Суд жараёни 2022 йилнинг ноябрида бошланганди.