5 апрель куни Шавкат Мирзиёев раислигида 2023 йил учун ипотека дастури муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Президент қурилиш ҳажмларини ўз вақтида таъминлаш ҳар бир вилоят иқтисодий кўрсаткичларининг ўсишига катта туртки беришини таъкидлаб, аҳоли ва қурувчилар учун янги енгиллик ва имкониятлар яратилишини билдирди. Хусусан, 1 майдан бошлаб расмий даромади етарли бўлмаган аҳолига ҳам ипотека кредити олиш имкони яратилади.

Бунда уларнинг тўлов қобилиятини аниқлашда банк картасидаги айланма, ижара, коммунал ва бошқа харажатларга тўланган пуллари ҳам ҳисобга олинади. Дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаролар банкдан арзонроқ кредит олиш имкониятига эга бўлади.

Субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилади. Муддат қисқартирилиши орқали субсидиядан кўпроқ аҳоли фойдаланиши кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, 4 ой давомида сертификатидан фойдаланмаган фуқароларга субсидия олиш учун яна қайта мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади.

Ушбу чора-тадбирларни молиялаштириш мақсадида 2023 йилда тижорат банкларига 31 минг оилага уй-жой ипотекаси учун 9 триллион сўмлик ресурс йўналтириш, дастлабки бадал учун ва фоизларни қоплашга 1,6 триллион сўм субсидия ажратиш вазифаси юкланди.

Шунингдек, ипотека кредитига ресурс бериш ва қурилиш корхоналарининг айланма маблағларини кўпайтириш учун 100 миллион доллар ва 1 триллион сўм қўшимча маблағ ажратиш ҳамда яна 20 минг оилага банклар ҳисобидан 5,7 триллион сўм ипотека кредити ажратилишини таъминлаш топширилди.

10 минг аҳолига ўзининг ҳовлисини кенгайтириш ёки қўшимча қурилиш қилиш учун 1,5 триллион сўм кредит ажратиш ҳамда Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси орқали аҳолига 5,5 мингта хонадон сотиб олишлари учун қўшимча 1,7 триллион сўм кредит ресурслари йўналтириш вазифаси қўйилди.

Тижорат банклари балансида ипотекадан қайтиши керак бўлган маблағларни актив сифатида ишлатиб, ипотека облигациясини чиқариш орқали қўшимча 10 триллион сўм ресурс жалб қилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга икки ой муддатда «Ипотека облигацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини киритишга кўрсатма берилди.