Ўзбекистон Бош прокуратураси 4 апрель куни кечқурун Санкт-Петербургдаги кафелардан бирида «ҳарбий офицер» Максим Фомин (Владлен Татарский) ҳалок бўлган портлашга алоқадорликда гумон қилинаётган Даря Трепованинг турмуш ўртоғи Дмитрий Риловни ҳибсга олиш тўғрисида Россия томонидан сўров келиб тушмаганини маълум қилди.

«Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Дмитрий Рилов Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтмаган ва шу сабабли мамлакатимизда бўлиши мумкин эмас», — дейилади Бош прокуратура хабарида.

2 апрель куни Владлен Татарский ўз мухлислари учун Санкт-Петербургдаги кафеда «ижодий кеча» ўтказган пайтда портлаш содир бўлди. Унда Владлен Татарскийнинг ўзи ҳалок бўлди, 40 киши яраланди, деб хабар берди РИА Новости.

Дариа Трепова портлаш содир этганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган. Маълум қилинишича, аёл Татарскийга ичида портловчи мослама бўлган ҳайкалча совға қилган. Россия ОАВлари Трепова ҳибсга олинган пайтда Ўзбекистонга учиш чипталари бўлганини хабар қилган. «Можем объяснить» лойиҳаси унинг эри ҳозир Грузияда эканлигини ёзди.

Россия Тергов қўмитаси ҳолат юзасидан террорчилик ҳаракати бўйича иш олиб бормоқда. 4 апрель куни суд Даря Треповани ҳибсга олишга қарор қилди.

Россия Терроризмга қарши миллий қўмитаси «Владлен Татарскийга қарши ҳужум Украина махсус хизматлари томонидан Навалний номидаги Коррупцияга қарши кураш жамғармаси билан ҳамкорлик қилувчи шахслардан бўлган агентларни жалб қилган ҳолда режаланганини, ҳибсга олинган Трепова ҳам уларни фаол қўллаб-қувватлашини» таъкидлади.