Олий суд матбуот хизмати Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 52 ёшли эркак 13 яшар меҳрибонлик уйи тарбияланувчисини зўрлаб, ҳомиладор қилиб қўйгани айтилган хабар юзасидан муносабат билдирди.

Тарқалган хабарда эркак 8 нафар тарбияланувчини асраб олиб, улардан бири — 13 ёшли қизни ҳомиладор қилгани ва болани мажбуран туширгани ёзилган. Бироқ суд ҳали ўтказилмагани қайд этилган. Олий суд ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) 2-қисми ва 118-моддаси (Номусга тегиш) 3-қисми «а» бандида назарда тутилаётган жиноятларни содир этганликда айбланаётган К.Т. (1971 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган)га оид жиноят ишини кўриб чиқиш жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида 7 апрель куни бошланади.

Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ мазкур жиноят иши ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразм вилоятида оилавий меҳрибонлик уйининг вояга етмаган 3 нафар тарбияланувчиси вилоят адлия бошқармаси ва туман ФВВ раҳбарлари билан жинсий алоқа қилишга мажбурлангани хабар қилинганди. Меҳрибонлик уйи раҳбари 5 йилу 6 ойга қамалган, мансабдор шахсларнинг эса озодлиги чекланиб, қўйиб юборилган.

Бош прокуратура меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини зўрлаш иши бўйича протест киритган. Зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенко қизларнинг зўрлангани ҳақида расмийларга 2 ой олдин хабар берилганини билдирганди.

Болалар омбудсмани тарбияланувчиларини зўрлаш билан боғлиқ вазиятни ўрганаётганини, президентнинг қизи Саида Мирзиёева эса улар ҳозирда хавфсизликда эканини маълум қилганди.

Кейинчалик Олий судга меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқада бўлганликда айбдор деб топилган вилоят адлия бошқармаси ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ раҳбарларига нисбатан чиқарилган ҳукм юзасидан Хоразм вилояти прокуратураси протести келиб тушган. Ушбу протест 6 апрель куни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилади.