Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги қишлоқлардан бирида айиқ югуриб юргани акс этган видеолар тарқалди.

Видеолардан бирида маҳаллий аҳолининг машинани югуриб келаётган айиқ устига босиб ўтмоқчи бўлгани ва ҳайвонни уриб юборгани кўрсатилган. Бошқа видеоларда эса йиртқич ҳайвон омборга кириб олган ва бир бурчакда яшириниб, уй ҳайвонларидан узоқлашганини кўриш мумкин.

Бундан ташқари, у тумандаги 103-сонли мактаб биносидаги деразаларга урилган. Дераза синиши оқибатида қон излари пайдо бўлган.

«Айиқ мактабдаги бирор-бир ўқувчи ёки педагог ходимларга тажовуз қилмаган. Ҳеч қандай жароҳат олиш ҳолати қайд этилмади», — дея изоҳ берди мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъул ходими.

Табиат ресурслари вазирлиги ушбу ҳолат бўйича бошқарманинг ўзи ва туман ҳокимлиги назоратида ишчи гуруҳ тузилганини маълум қилди.

«Меҳр ва оқибат» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти унга нисбатан шафқатсиз ҳаракат қилинаётгани ҳақида ёзди.

Ташкилотнинг вазирликка таяниб хабар беришича, вазирлик ва Тошкент ҳайвонот боғи ходимлари аллақачон воқеа жойига жўнаб кетган.

«Мутахассислар айиқни махсус жиҳозлар ёрдамида ҳаракатсиз ҳолатга келтириб, табиатга қайтаришни режалаштирмоқда», — дейилади хабарда.

Қўнғир айиқ Ўзбекистон «Қизил китоб»ига киритилган. Унга киритилган ҳайвонот дунёси турларини йўқ қилиш БҲМнинг 600 баравари миқдорида жарима, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.