Ўзбекистонда тайёрланаётган чарм маҳсулотлари Жанубий Кореянинг йирик автомобиль заводларида ишлаб чиқарилаётган автоуловларда қўлланиши мумкин, дея хабар бермоқда «Ўзчармсаноат» уюшмаси.

Бу ҳақда Жанубий Кореядаги автомобилсозлик корхоналари учун чарм маҳсулотларини етказиб берувчи Jin Myoong компанияси билан учрашув давомида сўз борган. Мулоқотда Ўзбекистон томони мамлакатдаги 16 та ҳудудда кичик саноат зоналари ва улардаги чармсаноатга оид лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар берди.

JM компанияси Жанубий Кореядаги энг йирик чарм ишлаб чиқарувчи корхона саналади. У ерда тайёрланаётган чарм маҳсулотлари асосан Hyundai, Kia, Toyota компанияларининг автомобилларига етказиб берилади. Компаниянинг йиллик даромади 250 млн долларни ташкил этади. 1 млрд доллар эвазига барпо этилган ишлаб чиқариш корхонаси тўлиқ Италия ва Германия технологиялари билан жиҳозланган.

Компания Тошкент вилоятида қўшма корхона очиш ва у ерда ишлаб чиқариладиган чармни Жанубий Корея бозорига ва автомобилсизлик соҳасидаги йирик компанияларга етказиб бериш бўйича ўз ташаббусларини билдирди.

«Бундан 10 йил олдин Ўзбекистонга бориб, чарм маҳсулотларини харид қилишни режалаштирган эдик. Бироқ ўша вақтда логистикадаги узилишлар, маҳсулотларнинг сифат талабига жавоб бермаслиги ҳамкорлигимизни тўхтатишга мажбур қилган эди. Сўнгги 6 йилдаги ўзгаришлар, „Ўзчармсаноат“ уюшмаси берган таклифлар бизга маъқул келди. Музокаралар якуни билан Ўзбекистондан биринчи босқичда тайёр ва ярим тайёр чармни харид қилишни бошлаймиз. Иккинчи босқичда эса қўшма корхонани ишга туширамиз», — деди JM компанияси бошқаруви раиси ўринбосари.

Компания делегацияси апрель ойида Тошкентга ташриф буюриши, маҳаллий корхоналар билан музокаралар ўтказиши мумкин.