Тошкент вилоятининг Зангиота туманида «Менинг биринчи уйим» дастури бошланади. Буҳақда 5 апрель куни Ўзбекистон президенти раислигида бўлиб ўтган 2023 йилги ипотека дастури муҳокамасига бағишланган йиғилишда маълум қилинди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Қайд этилишича, шу мақсадда Қурилиш вазирлиги ҳузурида махсус уй-жой компанияси ташкил этилади. Унга Зангиота туманидан 36 гектар ер майдони ажратилиб, ушбу ҳудудни комплекс ривожлантириш лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Ушбу ҳудудда 2,5 минг оилага мўлжалланган, барча стандартларга жавоб берувчи қулай ва энергия тежамкор 58 та кўп қаватли уй-жой барпо этилади.

Ушбу уйлардаги 2 ва 3 хонали хонадонлар учун ойлик тўлов миқдори амалдаги субсидияли ипотека тўловларидан арзон бўлади.

Қурилиш вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлигига бир ҳафта муддатда «Менинг биринчи уйим» шаҳарчасининг мастер режасини якунлаш, лойиҳани экспертлар ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш топширилди.