Миграция агентлиги Россиядаги ўзбекистонликларни намойишларда қатнашмасликка чақирди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги Ўзбекистон фуқароларидан рухсат берилмаган оммавий намойишларда иштирок этмасликни сўради. Аввалроқ «Весна» ҳаракати 21 сентябрь куни эълон қилинган қисман сафарбарликка қарши норозилик намойиши қилишга чақирганди. Бош прокуратура ҳам бошқа давлатлар қуролли кучларига қўшилмасликка даъвад қилмоқда.

ОАВ: Алишер Усмоновнинг Германиядаги виллаларида тинтув ўтказилди

Германияда россиялик тадбиркор Алишер Усмоновга алоқадорлиги айтилаётган 24 та объектда тинтувлар ўтказилди, деб ёзади ОАВ. Миллиардер Европа Иттифоқи санкцияларини бузганликда гумонланмоқда.

Ўзбекистон ЕИ ва Жанубий Кореядан 40 тагача поезд харид қилиши мумкин

«Ўзбекистон темир йўллари» 34 та электропоезд, 6 та дизел поезди ва 100 дан ортиқ янги йўловчи вагонларни харид қилишни режалаштирмоқда. Ташкилот бу борада Alstom, Siemens, Ssoda ва Hyundai каби компаниялар билан музокаралар олиб борди.

Президент кимё заводларидаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича кўрсатма берди

Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни кимё саноатида эришилган асосий кўрсаткичлар ва режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Унда Кимё заводларида илғор тажриба ва замонавий технологияларни жорий этиш, улардаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Янгиҳаёт туманида 500 минг кишилик янги шаҳарча қурилади

Тошкентнинг Янгиҳаёт ҳамда Бектемир туманларининг жами 1400 гектар майдонида янги шаҳарча бунёд этилади, деди Янгиҳаёт ҳокими Ҳаёт Иноғомов. Ҳозирда унинг мастер режаси ишлаб чиқилмоқда. «Тошкент марказига чиқмай, шу ерда ишлаб, шу ерда яшаса бўлади», — деди ҳоким.

Қозоғистон ва бошқа давлатлар банклари «Мир» карталарига хизмат кўрсатишни чекламоқда

Қозоғистон, Арманистон, Туркия ва Вьетнамдаги айрим банклар АҚШ Молия вазирлигининг иккиламчи санкциялар хавфи ҳақидаги огоҳлантириши ортидан Россиянинг «Мир» тўлов тизими карталарига хизмат кўрсатишни чекламоқда. Ўзбекистон Марказий банки ҳозирча вазиятга изоҳ бермади.

Фуқародан 8 минг доллар пора олган икки адвокат ушланди

Фуқародан кўрилаётган жиноят ишни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 8 минг АҚШ доллари талаб қилган адвокатлар қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ноқонуний фаолиятига чек қўйилди.

Қишлоқларда чет тилларини ўргатувчи марказларга 50 млн сўмгача субсидия берилади

Ҳукумат қарори билан қишлоқ ҳудудларида хорижий тилларни ўқитиш фаолиятини ташкил этиш учун тадбиркорларга 50 млн сўмгача бир марталик субсидия ажратилади. Талабгор субсидия олиш учун электрон тартибда мурожаат йўллайди. Мазкур янгилик 1 октябрдан амалга киритилади.

Тошкентда 7 қаватли турар-жой томига қўшимча қават қурилаётгани аниқланди

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида фуқаролар етти қаватли уйнинг томига қўшимча қават қурилаётгани юзасидан норозилик билдирди. Компания мансарда қават ва том қисмига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритган, шу боис тегишли даъво аризаси судга юборилади, дея маълум қилди Қурилиш вазирлиги.

Тижорат банклари 21 сентябрь кунги доллар курсини янгилади

Марказий банк 21 сентябрь кунги ўзбек сўмининг АҚШ долларига нисбатан расмий курсини 10 950,46 сўм этиб белгилади. Ушбу қийматдан келиб чиқиб тижорат банклари ҳам ўз таклифларини янгилади.

Сирдарёда 4,5 гектар ерни $240 мингга сотишда гумонланган шахслар ушланди

Сирдарё вилоятида дарё қирғоғидаги 4,5 гектар ерни 240 минг долларга сотишга уринган шахслар келишилган пулнинг 13 минг долларини олаётган вақтда ушланди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Тадбиркорларга ходимнинг ҳомиладорлик нафақасини давлат қандай тўлаб бериши тушунтирилди

Ҳукумат қарори билан хусусий ташкилот ходимларига ҳомиладорлик нафақасини давлат томонидан тўлаш тартиби белгиланди. Нафақа фарзанд туғилгунигача 1 992 000 сўмга яқин миқдорда берилади. Пластик карта орқали ойнинг 10-санасигача, нақд кўринишда эса 27-санасигача тақдим этилади.

Ўктам Тўраев Термиз шаҳрига ҳоким этиб тайинланди

Қурилиш вазири ўринбосари лавозимида ишлаган Ўктам Тўраев Термиз шаҳрига ҳоким этиб тайинланди.

FlyDubai авиакомпанияси Дубайдан Самарқандга мунтазам қатновларни йўлга қўйди

21 сентябрь куни Самарқанд халқаро аэропортида FlyDubai авиакомпаниясининг Дубай — Самарқанд йўналишидаги илк ҳаво кемаси кутиб олинади. Авиакомпания томонидан янги йўналишдаги парвозлар ҳафтанинг чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади.

ФАО Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича анжуман ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади

ФАО раҳбари Цуй Дуню Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ШҲТ саммитида илгари сурилган 2023 йилда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро анжуман ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Ҳаёт қайнамоқда» — талабалар яшашни бошлаган Tashkent Index комплексидан фоторепортаж

Тошкентда ётоқхона муаммосига дуч келган талабалар учун Tashkent Index савдо мажмуасида 10 минг ўринли ётоқхона ташкил этилиши айтилганди. Ҳозирда талабалар ётоқхоналарга кўчишни бошлаган ва бу ерда ҳаёт қайнамоқда. «Газета.uz» мухбирлари Миролим Исажонов ва Мадина Аъзам репортаж тайёрлади.

Forbes илк бор Ўзбекистон ишончли банклар рейтингини эълон қилди

Forbes Russia томонидан эълон қилинган Ўзбекистондаги энг ишончли 10 та банк рейтингида NBU, Ипотека банк, Саноат қурилиш банк пешқадам бўлишди.

Bukhara Night Race: Ўзбекистондаги илк тунги марафон қандай ўтди?

Ўзбекистондаги илк тунги марафон 17−18 сентябрь кунлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтди. Ушбу марафоннинг бошқаларидан фарқи унда болалар ҳам фаол иштирок этди, улар Kids Run 300 ва Kids Run 600 масофаларини босиб ўтишди. «Газета.uz» энг қизиқарли онлар акс этган марафондан фоторепортажни тақдим этади.