Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни кимё саноатида эришилган асосий кўрсаткичлар ва режалаштирилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ислоҳотлар натижасида кимё саноатида маҳсулот тури кўпайиб, рентабеллик ошган. Жорий йил 8 ойда 1 миллион тоннадан зиёд минерал ўғит ишлаб чиқарилди. Экспорт қарийб 2 баравар кўпайиб, 330 миллион долларга етган.

Бугунги кунда хусусий сектор кимё тармоғида 2 миллиард долларлик 15 та лойиҳани амалга оширмоқда. Уларнинг 5 таси яқинда ишга тушди.

Тақдимотда йил якунигача кутилаётган натижалар тўғрисида маълумот берилди. Давлат раҳбари бу соҳадаги келгуси вазифаларни кўрсатиб ўтди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Навоий ва Тошкент вилоятларидаги йирик корхоналар негизида 4 та кимё кластери ташкил этилмоқда. Улар хомашёдан тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқарадиган бўлади. Ҳозирда 1,8 миллиард долларлик 14 та лойиҳа амалга оширилмоқда ва 5,6 миллиард долларлик яна 29 та лойиҳа режалаштирилган.

Президент ушбу кластерлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун лойиҳа офиси тузиш, бўш турган майдонларни лотларга ажратиб, хусусий инвесторларни жалб этиш кераклигини айтди. Кимё заводларида илғор тажриба ва замонавий технологияларни жорий этиш, улардаги давлат улушини хусусийлаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда қишлоқ хўжалигини минерал ўғит билан узлуксиз таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Кимё воситалари ишлаб чиқариш соҳасида хусусий секторга кенг ўрин бериб, уларни хомашё билан таъминлаш, халқаро брендларни олиб келиш вазифаси қўйилди.