Айрим ижтимоий тармоқларда Россия ҳудудларида давлат расман рухсат бермаган оммавий намойишлар ўтказилиши режалаштирилаётгани айтилмоқда, дея хабар берди Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.

Шу муносабат билан, агентлик ушбу давлатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларидан бундай оммавий намойишларда иштирок этмасликни, Россия қонунларига риоя этишни ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўради.

«Бу каби расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик ҳолати эълон қилганди. Унинг сўзларига кўра, муддатли ҳарбий хизматга биринчи навбатда захирадаги 50 ёшгача бўлган фуқаролар жалб этилади. Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг таъкидлашича, бунинг учун 300 минг кишини ёллаш режалаштирилган. Бироқ қисман сафарбарлик тўғрисидаги фармонда бундай тафсилотлар, шунингдек, кимларнинг аниқ чақирилиши ҳам кўрсатилмаган.

Қисман сафарбарлик эълон қилингандан сўнг Россиянинг «Весна» ҳаракати «Сафарбарликка йўқ!» шиори остида норозилик намойишини ўтказишга чақирди. 21 сентябрь куни маҳаллий вақт билан соат 19:00 да Россиянинг барча шаҳарларида намойишлар ўтказилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси хориждаги ўзбекистонликларнинг чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиши жавобгарликка сабаб бўлишини эслатиб ўтди.

Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 154−1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

Шунга кўра, прокуратура чет мамлакатларда бўлиб турган ўзбекистонликлардан ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликка, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирамиз ва бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирди.