Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт ҳамда Бектемир туманларининг жами 1400 гектар ерида 500 минг кишилик янги шаҳарча қурилади. Лойиҳа мастер режа ишлаб чиқиляпти. Бу ҳақда Янгиҳаёт тумани ҳокими Ҳаёт Иноғомов чоршанба кунги матбуот анжумани маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири Муштарий Оқбоева.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, шаҳарчанинг 1100 гектар ери Янгиҳаёт туманидаги қишлоқ хўжалиги ерлари ҳисобидан ажратилади. Бунда ҳамма иш нолдан амалга оширилади.

Бунда шаҳарча пойтахт марказига боришда қийинчиликка дуч келаётган ёши катта ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун бунёд этилмоқда.

«Бунинг ҳаммаси инобатга олинган лойиҳа ишлаб чиқиляпти. Бу ерда шифохона, мактаб, боғча, масжид, ногиронлиги бўлганларга мўлжалланган [жойлар], концерт томоша қилиш ҳудудлари, shopping, хуллас нимаики бўлса, шу шаҳарчадан чиқмай, шу ерда ишлаб, шу ерда яшаса бўлади. Тошкент марказига чиқмаса ҳам бўлади. Ҳозир шундай лойиҳа яратяпмиз», — дея таъкидлади Ҳаёт Иноғомов.

Унинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа ҳали тасдиқланмаган, агар яқин кунларда тасдиқланса, уни кўрсата оламиз. Ҳозир бу лойиҳани кўрсатишни истардим, бироқ ҳали тасдиқланмагани учун тақдим қилолмайман, деди ҳоким.