«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти Европа ва Жанубий Корея компаниялари билан 140 тагача вагон ва поездлар харид қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда, дея хабар берди такшилот матбуот хизмати.

Хусусан, «республиканинг барча вилоятлари орқали тўлақонли темир йўл қатновларини таъминлаш учун» 34 та электропоезд, 6 та дизел поезди ҳамда камида 100 та янги замонавий турдаги йўловчи вагонларни харид қилиш мўлжалланган.

Хабарга кўра, шу кунларда Германиянинг Берлин шаҳрида ўтаётган «InnoTrans 2022» халқаро кўргазмасида Франсиянинг «Alstom», Германиянинг «Siemens», Испаниянинг «SAF», Швесариянинг «Stadler», Чехиянинг «Ssoda», Жанубий Кореянинг «Hyundai» каби дунёнинг етакчи компаниялари билан харид бўйича музокаралар олиб борилди.


Эслатиб ўтамиз, президент 19 сентябрь куни туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ўтказган йиғилишида «Ўзбекистон темир йўллари» раиси Ҳуснутдин Ҳосиловни 3 ойда тизимида ўзгариш қилмаса, ишдан олиниши ҳақида огоҳлантирганди. «Тошкент — Самарқанд» ва «Тошкент — Андижон» йўналишларида темир йўл ва авиа қатновлар сони ва сифати талаб даражасида эмаслигини таъкидлаганди.

Шунингдек, вилоят марказларидан Тошкент, Нукус, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларига авиа ва темир йўл қатновларини 2 баравар кўпайтириш, камида 500 та эски типдаги вагонларни келгуси икки йилда реконструкция қилиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиш борасида мутасаддиларга топшириқлар берганди.