Forbes Russia илк бор Ўзбекистондаги энг ишончли 10 банкни эълон қилди. Унда нашр 2022 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра банкларнинг рейтинги ва активлари ҳажми бўйича саралаган. Рейтингда NBU — Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки юқори поғонани эгаллаган.

«Давлат деярли иштирок этмайдиган Арманистон ва Қозоғистон банк секторларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонда давлат банклари устунлик қилади», — дейилади Forbes томонидан эълон қилинган мақолада.

Forbes’нинг ёзишича, биргина иккинчи чоракнинг ўзида Ўзбекистон банкларидаги норезидент ҳисобварақлари сони 47 мингтага ошиб, 169 мингтага етган. Шу билан бирга, норезидентларнинг асосий қисми Ўзбекистон банк тизимига Украина, Россия ва Беларусдан кирган — 1 июль ҳолатига кўра, россияликларнинг Ўзбекистондаги ҳисоб рақамларида 115 млн доллар бўлган.

Ўзбекистонда 33 та банк фаолият юритади, шундан 12 таси давлат улуши мавжуд банклар ҳисобланади. 1 август ҳолатига кўра, активларнинг 80%и ва депозитларнинг 67%и давлат банклари ҳиссасига тўғри келган. Миқдорий кўрсаткичлар бўйича бозор етакчиси — NBU, яъни Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Тикланиш ва тараққиёт давлат жамғармасига тегишли) кредитлар ва депозитлар бозорининг 20 фоиздан ортиғини эгаллаб турибди.

Рейтинг қандай ҳисобланган?

Банклар рейтинглар бўйича сараланган. Агар банкларда рейтинглар бир хил даражада бўлса, улар активлар ҳажмига қараб тартибланади. Рейтингга эга бўлмаган банклар эса ўз активлари ҳажмига қараб тартибланади. Рейтингларнинг йўқлиги банкларнинг ишончсиз эканлигини англатмайди, бу уларнинг ишончлилиги ҳақида ҳеч нарса маълум эмаслигини англатади. Активлар 2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра кўрсатилган ва ўша кундаги курс бўйича рублга айлантирилган.

Forbes талқини бўйича Ўзбекистондаги 10 та энг ишончли банк

1. ЎзМиллийБанк (NBU)

  • Рейтинглар: Fitch — BB-, S&P — BB-, Moody’s — B1
  • Активлар: 93 трлн 114 млрд сўм
  • Бошқарув раиси: Алишер Мирсоатов
  • Кузатув кенгаши раҳбари: Омонулло Насриддинхўжаев
  • Эгалик: Ўзбекистон Молия вазирлиги — 40,7%, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 59,3%.

2. Ипотека банк

  • Рейтинглар: Fitch — BB-, S&P — BB-, Moody’s — B1
  • Активлар: 37 трлн 532 млрд сўм
  • Бошқарув раиси: Элёр Иномжонов
  • Кузатув кенгаши раҳбари: Александр Пиккер
  • Эгалик: Ўзбекистон Молия вазирлиги (96,9%).

3. Саноат қурилиш банк

  • Рейтинглар: Fitch — BB-, S&P — BB-
  • Активлар: 55 трлн 895 млрд сўм
  • Бошқарув раиси: Сахи Аннакличев
  • Кузатув кенгаши раҳбари: Азиз Воитов
  • Эгалик: Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 82,09%, Ўзбекистон Молия вазирлиги — 13,06%.

4. Халқ банки

  • Рейтинглар: Fitch — BB-, S&P — BB-
  • Активлар: 26 трлн 692 млрд сўм
  • Бошқарув раиси: Шухрат Атабаев
  • Кузатув кенгаши раҳбари: Тимур Ишметов
  • Эгалик: Ўзбекистон Молия вазирлиги — 22,4%, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 77,6%.

5. Асакабанк

  • Рейтинглар: Fitch — BB-, Moody’s — B1
  • Активлар: 51 трлн 940 млрд сўм
  • Бошқарув раиси: Нодирбек Сайдуллаев
  • Эгалик: Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 71,23%, Ўзбекистон Давлат активларини бошқариш агентлиги — 20,25%.

6. Агробанк

  • Рейтинглар: Fitch — BB-, Moody’s — B1
  • Активлар: 40 трлн 832 млрд сўм
  • Бошқарув раиси: Рустам Маматқулов
  • Кузатув кенгаши раҳбари: Ахадбек Хайдаров
  • Эгалик: Ўзбекистон Молия вазирлиги — 40%, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 19%.

7. Қишлоқ қурилиш банк

  • Рейтинглар: Fitch — BB-
  • Активлар: 21 трлн 251 млрд сўм
  • Бошқарув раиси: Алишер Муратов
  • Эгалик: Ўзбекистон Молия вазирлиги — 74%, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 24%.

8. Микрокредитбанк

  • Рейтинглар: Fitch — BB-
  • Активлар: 13 трлн 597 млрд сўм
  • Бошқарув раиси: Ориф Бўтаев
  • Кузатув кенгаши раҳбари: Одилбек Исоқов
  • Эгалик: Ўзбекистон Молия вазирлиги — 70,82%, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 28,15%.

9. Ҳамкорбанк

  • Рейтинглар: Moody’s — B2, S&P — B+
  • Активлар: 13 трлн 200 млрд сўм
  • Бошқарув раиси: Бахтиёржон Жўраев
  • Кузатув кенгаши раҳбари: Икром Ибрагимов
  • Эгалик: Икром Ибрагимов — 49,8%, Голландия тараққиёт банки ФМО, Халқаро молия корпорацияси (Жаҳон банки гуруҳи) — 22%.

10. Капиталбанк

  • Рейтинглар: Moody’s — B3, S&P — B-
  • Активлар: 16 трлн 183 млрд сўм
  • Бошқарув раиси: Алишер Мирзаев
  • Кузатув кенгаши раҳбари: Мақсуд Абдусамадов
  • Эгалик: Март ойи бошига қадар Алишер Усмоновнинг USM холдинги («Телекоминвест» ва Finance TCI) тузилмалари компания акцияларининг 61,5%ига эгалик қилган, бироқ кейинчалик холдинг ушбу компанияларни битим шартларини ошкор қилмасдан сотган. Банк сайтидаги маълумотларга кўра, унинг 81,6%и еттита юридик шахсга, 18,4%и 17 нафар якка тартибдаги акциядорларга тегишли.