Янги ўқув йили бошланиши билан олий таълим муассасалари олдида юкларини кўтарган талабалар ва уларнинг ота-оналари ётоқхонадан жой олиш илинжида йиғила бошлади. «Газета.uz» мухбирларининг «Талабалар шаҳарчаси»дан тайёрлаган ва талабаларнинг ётоқхона ёки ижарага уй олишдаги муаммолари акс этган мақоладан сўнг 9 сентябрь куни олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов матбуот анжумани ўтказди. Ўша куниёқ шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев талабаларни Tashkent Index ҳудудидаги 10 минг ўринли бинога жойлаштиришни таклиф қилди. Шундан сўнг Янгиҳаёт туманида жойлашган ва талабалар учун ҳозирланаётган мазкур обьектдан «Газета.uz» фоторепортажи эълон қилинди.

Орадан ўн кун ўтиб, талабалар кўчишни бошлаган ва яшаётган ётоқхонадан «Газета.uz» мухбирлари Миролим Исажонов ва Мадина Аъзам репортаж тайёрлади.

«Эҳтиёждан келиб чиқиб 3,5 минг талабага жой қилинди»

Tashkent Index ҳудудидаги талабалар тураржойининг маълум қисми тайёр бўлгани ва у ерга талабалар яшаш учун кўчиб ўтаётганини эшитгач, репортаж тайёрлашга қарор қилдик. Ётоқхонага кечки пайт бориб, талабалар ўқишдан қайтган ва айни ҳаёт қайнаган маҳалда уларнинг яшаш тарзини кузатишни режалаштирдик. Кечки соат 18:30 да такси орқали йўлга чиқиб, пойтахт марказидаги тирбандликлар туфайли манзилимизга 50 дақиқада етиб бордик. Биз ўйлаган ва кутганимиздек йирик савдо марказидаги талабалар ётоқхонасида айни ҳаёт бошланган манзара устидан чиқдик: кимдир емак тайёрлаш учун қўлида қозони билан ошхона томон чопмоқда, яна кимдир энди ўқишдан қайтмоқда, айримлар маънавият хоналарида уйга вазифаларни бажариш билан банд, улар орасида китоб ўқиётгани ҳам бор. Баъзи талабалар кўрпа-тўшагини кўтариб, ётоқхонада яшаш учун келмоқда. Вазирлик, ҳокимлик ва олий ўқув юртлари вакиллари ҳам шу ерда…


Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги талаба ва ўқувчиларнинг маънавий юксалишига кўмаклашиш маркази директори Фозилбек Фарҳодовнинг маълум қилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ўн кун ичида эҳтиёждан келиб чиқиб 3,5 минг талабага жой қилинди. 20 сентябрь ҳолатига кўра, 1681 нафар талаба жойлаштирилди. Бошпанага эҳтиёж сезиб, ўзи хоҳлаб келаётган талабалар сони ҳар куни ортиб бормоқда.

«Пойтахтдаги барча олий таълим муассасалари раҳбариятига мазкур савдо мажмуасида ётоқхона тайёрланаётгани, жараён давом этаётгани тўғрисида хабар берилган. Айни пайтга қадар 11 та олий ўқув юртининг 1681 нафар талабаси масъуллар билан келди ва уларга жой берилди», — дейди у.

Таъкидланишича, талабаларнинг ўқиш графигидан келиб чиқиб, автобуслар йўлга қўйилган. Улар йигит-қизларни эрталаб соат 07:00 дан 08:30 гача савдо марказига яқин метро бекатларига бепул элтиб қўймоқда.
«Биламизки, Тошкент шаҳрида эркин ҳамда аҳоли эҳтиёжига қараб режа билан ишлайдиган автобуслар мавжуд. „Тошшаҳартрансхизмат“ билан ҳамкорликда эркин равишда ҳаракатланадиган автобуслардан 4 таси талабалар учун жалб қилинди», — дейди вазирлик масъул ходими.


Фозилбек Фарҳодов бу ердаги бир ойлик тўлов нархи ҳар бир талаба учун 200 минг сўм этиб белгиланганини қайд этди.

«Ҳар йилигидек жорий ўқув йили бошида ҳам пойтахтда ижара уйлари нархи кўтарилиб кетди. Талаб бўлгач, уй бозоридаги нархларнинг ошиши табиий ҳолат. Вазирликда уй бозорларидаги нархларни ўрганиб, таҳлил қилиб борадиган ходимлар бор. Тошкент индекс савдо марказида талабалар тураржойлари ташкил этилгач, ижара уйлари нархи пасайиб кетди. Шундай бўлса-да, ётоқхонада яшаш истадигидаги талабалар албатта, мурожаат қиляпти ва шу ерга келмоқда. Курси ва ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, ётоқхонага эҳтиёжи бор талабаларнинг барчасига жой берилмоқда», — дейди у.


Унинг қўшимча қилишича, талабалари ётоқхонага жойлашган 11 та олий таълим муассасасидан масъуллар бириктирилган. Улар ОТМлар раҳбариятлари томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бир ойлик навбатчилик графиги бўйича ҳар куни талабалар билан бирга ётоқхонада қолмоқда. Шунингдек, тьюторлар ҳам бириктирилган.

«Талабаларнинг хавфсизлиги учун мустаҳкам тизим яратилган»

Тошкент давлат педигогика университети проректори Феруза Мадраҳимованинг қайд этишича, ётоқхонага жойлашган талабаларнинг учдан бир қисмини мазкур олий таълим муассасаси ўқувчилари ташкил қилади.


«Бугунги кунда университетимизда 25 мингдан зиёд талаба бўлиб, шундан 15 мингга яқини кундузги таълимда ўқийди. Уларнинг 78 фоизи хотин-қизлардан иборат. Ушбу савдо марказида талабалар учун ётоқхона жорий этилишини эшитиб, жуда ҳам қувондик. Чунки бизда эҳтиёжга нисбатан жой анча оз. Узоқ ҳудудлардан келадиган талабаларимиз 7 мингга яқин. Улар доимий равишда жой сўрайди, ётоқхона масаласи қийнарди. Тошкент индексда ётоқхона ташкил қилиниши бўйича талабаларга эълон бердик, эҳтиёжи борлар бизга мурожаат қилди. Якшанба куни кўчишни бошладик. Бу ерга 7 та факультетдан 500 нафардан ортиқ талабамиз жойлашди, аксарияти қизлар. Яна бир қулайлиги шундаки, университетимизнинг асосий биноси бу ерга яқин, битта траспорт билан бориб-келиш мумкин», — дейди у.

Мадраҳимовага кўра, ётоқхонада талабаларнинг хавфсизлиги учун мустаҳкам тизим яратилган. Ички ишлар, Миллий гвардия ходимлари, ҳар бир олий ўқув юртидан навбатчилар жалб қилинган, савдо мажмуасининг назоратчилари ҳам куну тун хизматда. Соат 22:00 дан кейин талабалар тураржойи ҳудудидан ташқарига чиқиш тақиқланган.

«Кунлик ижарада яшаётган талабаларимиз бор эди. Аммо уларнинг яшаш тарзини бориб ўрганганимизда, шароити яхши эмасди. Бу ерга тезлик билан кўчиб ўтилгани учун ҳозир бирламчи шароитлар яратилган. Лекин талабалар ҳозирги шароитдан ҳам норози эмас. Улар билан суҳбатлашиб, муаммо, таклиф ва истакларини эшитяпмиз. Келаси ҳафтадан бошлаб, қулайликлар яратишга киришилади. Талабалари бу ерга кўчиб келган ҳар бир муассаса проректорлари, масъул ходимлари ҳар куни ётоқхонага келяпмиз. Йигит-қизлар мослашиб олгунича улар билан биргамиз», — дейди Феруза Мадраҳимова.


«Нарх қиммат, уй тополмай сарсон бўлдик»

Тошкент давлат педагогика университетининг учинчи босқич талабаси Гулираъно Абдулакимова ўқув йили якунигача шу ерда яшаш ниятида.

«Ўтган икки йил давомида ижара уйда яшаганмиз. Жорий ўқув йили бошлангач, ижара уйда яшаш учун уй қидирдик. Лекин нарх қиммат, кўнгилдагидек уй топа олмай, бироз сарсон бўлдик, очиғи. Биз талабалар учун ушбу савдо марказида ётоқхона ташкил этилгани айни муддао бўлди. Кеча кўчиб келдим. Курсдош қизлар билан бирга турибмиз, ҳар куни ҳаёт қайнайди, шароитлар яхши. Масъуллар аста-секин қулайликлар яратиб берилишини айтяпти. Ўқишим тушликдан кейин бўлишига қарамай, биз ҳам бепул автобус орқали метро бекатига борамиз», — дейди у.




Биринчи ёрдам кўрсатадиган тиббиёт хонаси

Янгиҳаёт туманидаги кўп тармоқли марказий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Алижон Раимқуловнинг таъкидлашича, учта блокдан иборат талабалар турар жойининг ҳар бир блокида биттадан тиббиёт хонаси ташкил этилган.


«Учала тиббиёт хонасига тумандаги поликлиникаларнинг шифокор ва ҳамширалари бириктирилган. 24 соат давомида навбатчилик асосида фаолият юритамиз. Талабалар учун биринчи ёрдам кўрсатамиз. Агар оғир ҳолатлар бўлса, тез тиббий ёрдамга мурожаат қиламиз ва улар келгунига қадар ҳам ўзимиз ёрдам берамиз. Касалликларнинг олдини олиш ва даволаш учун турли дорилар ҳам мавжуд. Талабаларга, албатта, бепул хизмат кўрсатилади», — дейди шифокор.


Маълум қилинишича, Tashkent Index савдо мажмуасидаги икки қаватли дўконларнинг тепа қисми ётоқхонага айлантирилди ва жараён давом этмоқда. Қизлар учун алоҳида блок, ўғил бола талабаларга бошқа блок ётоқхона сифатида топширилмоқда.

Талабалар учун ошхона ҳам ташкил қилинган бўлиб, катта павильён иккига бўлинган. Бу ерда қизлар ва ўғил болалар алоҳида-алоҳида овқат қилиб, таомланади. Ошхонада замонавий музлаткичлар, овқат иситиш печлари, чой учун сув қайнатиш мосламаларини кўриш мумкин.