БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бош директори Цуй Дуню Ўзбекистоннинг 2023 йилда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро анжуман ўтказиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади, дея хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов ва ФАО бош директори Цуй Дуню учрашувида муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро анжуман ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Самарқанддаги ШҲТ саммитида илгари сурилган эди.

Владимир Норов учрашувда Ўзбекистон ФАОни барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун муҳим глобал кўп томонлама платформа деб билишини таъкидлади. ФАОнинг Ўзбекистондаги портфели умумий қиймати 65 млн долларга 59 та миллий, минтақавий ва глобал лойиҳани ташкил этмоқда.

2020−2030 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимиз ва ФАО ўртасида имзоланган Доиравий дастурни тўла-тўкис амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.