Қозоғистон, Арманистон, Туркия ва Ветнамдаги бир қатор банклар Россиянинг «Мир» тўлов тизими карталарига хизмат кўрсатишни қисман ёки тўлиқ чеклади.

Қозоғистоннинг энг йирик банки ҳисобланган «Ҳалиқ Банк» ( Halyk Bank) банкоматларда «Мир» карталари билан операцияларни вақтинча тўхтатди. Шу билан бирга, банк харидлар ва хизматлар учун тўловларни амалга оширишда «Мир» карталарига стандарт режимда хизмат кўрсатишни давом эттиради, деб хабар беради «РИА Новости».

«Известия» газетаси «Ҳалик Банк»нинг алоқа марказига таяниб, банк терминаллари орқали тўлов амалга оширилганда ҳам банк «Мир» карталарига хизмат кўрсатмаётгани ҳақида хабар берди. Нашр шунингдек, Вьетнамнинг BIDV банки ҳам «Мир» карталарини қабул қилмаслигини ҳам тасдиқлади.

Арманистон ОАВларида «Мир» карта эгалари айрим банкларнинг банкоматларидан пул ечиб олишда қийинчиликларга дуч келгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Мамлакат Марказий банки Арманистон банклари санкциялар даврида «Мир» карталарини сақлаш бўйича қарорларни мустақил равишда қабул қилишини айтди.

19 сентябрь куни Туркиянинг икки йирик банки İşbank ва Denizbank «Мир» тизими билан ишлашдан бош тортди. İşbank ёрдам маркази бу қарор АҚШ ва Буюк Британиянинг Россияга қарши санкциялари билан боғлиқлигини таъкидлади. Denizbank мижозларни қўллаб-қувватлаш хизматининг аниқлик киритишича, банк «Мир» карталари билан транзакцияларни тўхтатган, улар энди банкоматлар томонидан қабул қилинмайди.

Россиянинг Анқарадаги элчихонаси Туркияга саёҳат қилаётган россиялик сайёҳларга «Мир» карталари билан боғлиқ муаммолар туфайли ўзлари билан нақд пул олиб юришни тавсия қилди. Шунингдек, улар Россия тизими билан ҳамкорлик қилишдан бош тортмаган банклар, масалан, Ziraat bankası терминаллари орқали «Мир» карталаридан фойдаланишни маслаҳат беришди.

АҚШ Молия вазирлиги ўтган ҳафта Россия ҳукуматига «Мир» карталаридан Россиядан ташқарида фойдаланишга ёрдам берадиган компаниялар ва хорижий банклар санкцияларга дуч келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди.

Россиянинг Миллий тўлов карталари тизими (НСПК) «Мир» карталари Туркия, Вьетнам, Жанубий Корея, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Жанубий Осетия, Абхазия ва Ўзбекистонда ишлайди. Мир карталаридан фойдаланиш географиясини 2025 йилга келиб 20 та давлатга, 2030 йилгача эса 35 тага етказиш режалаштирилган эди, деб ёзади «Ведомости».

2019 йил март ойида РФнинг Миллий тўлов карталари тизими ва Ўзбекистон ягона республика процессинг маркази Uzcard ўртасида ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланган, 2020 йилда эса Ўзбекистон банклари «Мир» карталарини қабул қила бошлаган. 1 август куни Россияда чиқарилган «Мир» карталаридан Uzcard карталарига трансчегаравий пул ўтказмалари хизмати ишга туширилганди.

«Газета.uz» Ўзбекистон Марказий банки ва Uzcard`га сўровнома жўнатди.