Ўзбекистон Бош прокуратураси хориждаги ватандошларни чет давлатлар ҳарбийлашган тузилмаларига ёлланиши жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси биринчи қисмига кўра ёлланиш, яъни низолашаётган давлатнинг фуқароси ёки ҳарбий хизматчиси ҳисобланмаган ёхуд назорат қилиниб турган низолашаётган давлат ҳудудида доимий яшамайдиган ёки ҳеч қандай давлат томонидан қуролли кучлар таркибида расмий топшириқни бажариш ваколати берилмаган шахснинг моддий манфаатдорлик ёки бошқа бирон шахсий манфаатни кўзлаб, ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш учун ёлланиши беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 154−1-моддасига кўра, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириши 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан, ёлланиши эса 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишига сабаб бўлади.

«Шунга кўра, чет мамлакатларда бўлиб турган ҳамюртларимиздан ҳарбийлашган тузилмаларга ёлланмасликка, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликка чақирамиз ва бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида яна бир бор огоҳлантирамиз», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Россия Давлат Думаси РФ армиясида шартнома бўйича хизмат қиладиган чет элликлар мамлакат фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишлари мумкинлиги тўғрисидаги ўзгартишларни маъқуллади. Москвадаги «Сахарова» миграция марказида хорижликларни ҳарбий хизматга қабул қилиш учун инфратузилма яратилади. 21 сентябрь куни Федерация Кенгаши қонунни маъқуллади, у президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.

Ўзгартиришларга мувофиқ, «Россия Федерацияси Қуролли Кучлари, бошқа қўшинлари ёки ҳарбий тузилмаларида камида бир йил муддатга хизмат қилиш учун шартнома имзолаган чет эл фуқаролари» яшаш рухсатномасини олмасдан туриб Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишлари мумкин.

Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳарбий шартнома бўйича камида уч йил хизмат қилиш керак.

Бугун Россия президенти Владимир Путин мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилди.