Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани Сағбон 30-берк кўчасида жойлашган уйлар бўйича фуқаролар томонидан ижтимоий тармоқлар орқали вужудга келган норозиликлар бўйича муносабат билдирди.

Тарқалган видеоларда фуқаролар яшаб турган 7 қаватли турар-жой биносига қурилиш компанияси томонидан қўшимча 8-қават қурилаётгани ва бундан норози эканликлари айтилган. Бу борада тегишли идоралар — туман ҳокимлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Бош прокуратурага мурожаат қилингани, бироқ улардан қурилишнинг қонунийлиги бўйича бир хил мазмундаги жавоблар йўллашгани таъкидланган.

Қурилиш вазирлигининг ҳолатга изоҳ беришича, мазкур объект «Қурилиши тугалланган иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш» ҳужжатига асосан 2018 йилда Давлат қабул қилиш ҳайъати далолатномаси инспекция томонидан расмийлаштирилган ва фойдаланишга топширилган. Инспекция рўйхатидан ўтган қурилиш обектларида танлаш йўли билан қурилиш даврийлигида қурилиш-монтаж жараёнини, лойиҳа ҳужжатларини ва унинг қатнашчиларини иш юритишини назорат қилади.

Шунингдек, «Қурилиш тугалланган бино ва иншоотларни қабул қилиш» норматив ҳужжатларнинг 1−12 бандига асосан Давлат қабул қилиш ҳайъати далолатномаси расмийлаштирилгач, ҳудудий назорат инспекциясининг барча ваколатлари тўхтатилади ва кўп хонадонли иморатларнинг келгусида фойдаланилиши бўйича назорати ВМнинг 2017 йил 2 июндаги 340-сонли қарорига асосан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ваколатига ўтади.

Шунга қарамасдан ҳолатни ўрганиш мақсадида Олмазор тумани қурилиш бўлими мутахассислари турар-жой биносини бориб кўришди. Маълум бўлишича, «Bauraum group» МЧЖ томонидан турар-жой биносининг мансарда [бино чордоғидаги хона, болохонанинг бир тури] қават, том қисмига ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритилиб, қурилиш-монтаж ишлари олиб борилган.

Ҳозирда тегишли қарор низомига асосан «Bauraum group» МЧЖга ўрнатилган тартибда далолатнома расмийлаштирилди.

«Мавжуд мансарда қаватнинг том қисмини дастлабки ҳолатига қайтариш юзасидан суд органига даъво аризаси киритилади. Шунингдек, ваколатли ташкилотлар томонидан қўшимча ҳужжатлар расмийлаштирилаётганлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.