Бош прокуратура Нукусдаги воқеалар хронологиясини маълум қилди

Бош прокуратура Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар хронологиясини маълум қилди. Тахминан 300 киши Нукусга киришдаги постда 50 нафар гвардиячидан рация, дубинка, шитларни тортиб олгани ва Нукус халқаро аэропорти, маҳбуслар Реабилитация маркази, шаҳар ИИБ биноларига ҳужум уюштиргани айтилмоқда.

Қорақалпоғистондаги тартибсизликлар оқибатида 18 нафар фуқаро вафот этди

1−2 июль кунлари Нукус шаҳридаги бўлиб ўтган намойишлар оқибатида 18 нафар фуқаро вафот этди, 243 киши, шу жумладан, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходими турли жароҳатлар билан шифохоналарга ётқизилди. Тартибсизликларда қатнашган 516 нафар фуқаро ҳибсга олинди.

Конституцияда Қорақалпоғистон мақоми ўзгармайди ва муҳокамалар муддати эса узайтирилди

Қонунчилик палатаси депутатлари Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид 70, 71, 72, 74, 75-моддаларни ўзгаришсиз қолдириш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Қолаверса, Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси муддати 15 июлга қадар узайтирилди.

Нукусдаги воқеалар бўйича жиноят иши қўзғатилди

Нукусдаги намойишлар факти бўйича Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми (ҳокимиятни босиб олиш ёки конституциявий тузумни ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилди.

Шавкат Мирзиёев Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев президент Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотда Қорақалпоғистонда «барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни қўллаб-қувватлади».

Ҳафта давомида салқин ҳаво кузатилади, айрим жойларда ёмғир ёғади

Ўзбекистонга Волга бўйи ҳудудларидан салқин ва нам ҳаво массаси кириб келиши ҳисобига 5 июлдан бошлаб барча ҳудудларда ҳаво ҳарорати +30 даражагача пасаяди. Айрим ҳудудларда ёмғир ёғиши ҳамда момақалдироқ кузатилиши мумкин.

Жисмоний тарбия ва спорт университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда берганлар ушланди

Чирчиқда Олимпия захиралари коллежи ўқитувчиси ҳамда талаба Жисмоний тарбия ва спорт университетига абитуриентни ўқишга киритиш эвазига 4500 доллар олганликда гумонланмоқда. Шу каби ҳолат Юқоричирчиқда ҳам кузатилди, гумондор 4500 долларни олганида ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушланди.

Кремль Қорақалпоғистондаги воқеаларни Ўзбекистоннинг ички иши деб атади

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Қорақалпоғистондаги воқеалар Ўзбекистоннинг ички иши экани, Кремль мамлакат раҳбарияти фаоллик билан муаммоларни ҳал этишига шубҳа қилмаётганини билдирди.

Европа кенгаши президенти Нукусдаги намойишлар қурбонлари яқинларига ҳамдардлик билдирди

Европа кенгаши президенти Шарль Мишель президент Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқоти чоғида Нукусдаги намойишларда қурбон бўлганларнинг оилаларига ҳамдардлик билдирди. Қолаверса, у вазиятни баъзи бузғунчи кучлар томонидан издан чиқарилишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.

«Ҳайит намози ўқилмаслиги бўйича хабарлар асоссиз» — Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ижтимоий тармоқларда «Қурбон Ҳайити намози ўқилмайдиган бўлди» мазмунидаги хабарлар «асоссиз ва ҳақиқатга мос келмаслигини» маълум қилди. Ҳозир мамлакатда оммавий тадбирлар чекланмаган, намоз ўқиш бўйича бирор ўзгариш бўлса, олдиндан хабар берилиши қайд этилди.

Камола Собирова АКТ вазирининг маслаҳатчиси лавозимига тайинланди

У вазирликда ёшлар ва аёлларни IT соҳасига жалб қилиш ҳамда Ўзбекистонни минтақавий IT-марказига айлантириш юзасидан тарғибот ишларини амалга ошириш билан шуғулланади.

ЮНИСЕФ МТВга боғчаларда тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича 8100 та йўриқномани топширди

ЮНИСЕФ томонидан Мактабгача таълим вазирлигига топширилган боғча тиббиёт ходимлари учун йўриқномаларда гигиена, болаларнинг тўғри овқатланиши ва профилактика чоралари, жумладан, эмлаш бўйича маълумотлар мавжуд.

Ўзбекистонга қарийб 2 млн доза Pfizer вакцинаси келтирилди

Душанба куни COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга қарийб 2 млн доза Pfizer вакцинаси келтирилди.

Нодавлат спорт-таълим муассасаларига 2026 йилгача имтиёзлар берилди

Президент қарори билан Олимпия ва Паралимпия совриндорлари ташкил этган нодавлат спорт-таълим муассасаларига 2024 йилгача, барча нодавлат спорт-таълим муассасаларига эса 2024 йилдан бошлаб икки йил давомида бино ва иншоотлар ижара тўловлари ва солиқлар бўйича имтиёзлар берилди.

Самарқандда яна бир аёл ўз жонига қасд қилди

Тойлоқ туманида яшаган 29 ёшли аёл ўзини меҳмонҳонадаги кийим илгичга рўмол билан осиб, жонига қасд қилгани айтилмоқда. Бош прокуратура суд-тиббий экспертиза текшируви ўтказилгани ва хизмат текшируви тайинланганини маълум қилди. Аввал ҳам Самарқандда аёл киши ўз жонига қасд қилганди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Таҳлилнома»дан «Янги Замон»гача. Ўзбекистон марказий телеканаллари Қорақалпоғистондаги воқеаларни қандай ёритди?

1−2 июлда Қорақалпоғистонда фуқаролар норозилик намойишларини ўтказди. Расмий ва норасмий хорижий ОАВлар буни турлича талқин қилиб, ҳаттоки фейк хабарлар тарқатгани кузатилди. Бу вақтда эса Ўзбекистон марказий телеканаллари Нукус воқеаларини қай тарзда ёрита ол (ма)гани — «Газета.uz» материалида.

Президент Нукусда нималарни таъкидлади?

Шавкат Мирзиёев мамлакат халқига мурожаатида маълум кучлар «конституциявий ислоҳотларга норозилик баҳонасида… вазиятни беқарор этиш ва издан чиқаришга уринишаётганини» таъкидлади. Қорақалпоғистоннинг мақоми ўзгармаслигини яна бир бор айтиб, сўнгги йилларда минтақада рўй берган ўзгаришларни санади.