Бош прокуратура Қорақалпоғистон Республикасидаги юз берган оммавий тартибсизликлар воқелиги кетма-кетлигини ва сабабларини маълум қилди.

Баёнотга кўра, 2022 йил 1 июль куни соат 14:50 ларда «Ел хызметинде» газетаси муҳаррири ва блогер Даулетмурат Тажимуратов «Теlеgram» ижтимоий тармоғининг «Маkаn.uz» канали орқали видеомурожаат йўллаб, фуқароларни 5 июль куни соат 17:00 да «Қорақалпоғистон Республикасининг озодлигини сўраб» Жўқорғи Кенгес биноси олдида митинг ўтказишга даъват қилган.

Шундан кейин, ижтимоий тармоқлар орқали қонунга хилоф равишда митинг уюштиришга фуқароларни даъват қилганлиги учун 1 июль куни соат 15−30 ларда Даулетмурат Тажимуратов Нукус шаҳар ИИО ФМБга олиб келинган ва ҳибсга олинган.

«Блогернинг ИИБ ходимлари томонидан ушлаганини билган бир гуруҳ шахслар тартибсизликлар уюштириб, уни озод қилишни талаб қилиб, Нукус шаҳридаги ИИВга қарашли 2-сонли тергов ҳибсхонасига ва Нукус шаҳар ИИО ФМБга боришган. Кейинчалик 1 июль куни соат 17:30 ларда Нукус шаҳри марказидаги „Марказий деҳқон бозори“ МЧЖ олдидаги автомобиль йўлида тартибсизликлар уюштиришган», — дейилади хабарда.

«Даулетмурат Тажимуратов Нукус шаҳар ИИО ва ФМБдан озод қилиниб, чиқариб юборилган бўлса-да, Тажимуратов ва унинг тарафдорлари тартибсизликларни яна давом эттириб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, Ўзбекистоннинг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва ҳокимиятни босиб олишга очиқдан-очиқ даъват қилишган», — дея қайд этилган баёнотда.

Шундан сўнг, 2 июль куни соат 14:45 да Нукус туманидан тахминан 300 нафар шахс Нукус шаҳар томон ҳаракатланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаган. Улар Нукус шаҳридаги блок постда хизмат олиб бораётган 50 нафар Миллий гвардия ходимининг махсус воситалари — рация, дубинка, каска, шумовая граната, шитларни қўлга киритгани айтилмоқда.

Шу куни Хўжайли туманидаги ҳарбий постга номаълум шахслар томонидан хужум уюштирилиб, қурол яроқ тортиб олинган, «Нукус халқаро аэропорти»га, Нукус шаҳридаги маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланувчи Реабилитация марказига, Нукус шаҳар ИИБ биносига ҳужумлар уюштирилган, дейилади хабарда.

Оммавий тартибсизликлар давомида Нукус шаҳридаги «Las Vegas» кафеси ёнида давлат рақами 40 L 340 QA бўлган MAN русумли юк транспорт воситаси, «Эски шаҳар»даги марказий масжид олдида давлат рақами 01 267 UFA бўлган «КамАЗ» русумли юк транспорт воситаси, Шуманай туманидаги «Исмоилов Жаббор-берген» фермер хўжалигига тегишли бўлган вагон ёқиб юбо-рилган. Нукус шаҳар Спорт комплекси ёнидаги «Дўстлик» канали кўпригига, Нукус шаҳридаги кўплаб бино-иншоотлар ва йўл тўсиқларига ҳам кўплаб талофотлар етказилган.

Оммавий тартибсизликлар оқибатида ҳозирга қадар аниқ-ланган ҳолатларга кўра, жами 243 нафар шахсга, жумладан 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимига турли даражадаги тан жароҳатлари етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2 июль куни Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 1−2 июль кунлари Нукусда содир бўлган воқеалар оқибатида 18 нафар фуқаро вафот этгани, 243 киши, шу жумладан, 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходими турли жароҳатлар билан шифохоналарга ётқизилгани маълум қилинганди. Тартибсизликларда қатнашган 516 нафар фуқаро ҳибсга олинган.

Якшанба куни Нукус шаҳрида бўлиб турган «Газета.uz» мухбири қарийб бир сутка давомида шовқин чиқарувчи восита ва ўқ овозлари эшитилиб турган Нукус шаҳри тинч эканлигини маълум қилганди. У ўзининг фоторепортажида шифохоналарда яраланганлар кўплиги, аҳоли яқинларини ҳалок бўлганлар ва ҳибсга олинганлар орасидан қидираётганлиги, кўчаларда ёнган шина ва қон изларини кўриш мумкинлиги ҳақида ёзганди. Бундан ташқари, «Газета.uz» Нукус аҳолиси билан суҳбатлашиб, воқеалар хронологияси тахминан қандай бўлганини ҳам ўрганиб чиққанди.