Ўзбекистон президенти «Нодавлат спорт-таълим муассасаларида олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлаш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-302-сон] қарорни имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Қарор «иқтидорли спортчиларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни тайёрлашда давлат ва нодавлат спорт-таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, хусусий таълим хизматлари кўрсатиш соҳасида зарур шарт-шароитлар яратиш» мақсадида қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра, 2022 йил 1 июлдан спорт соҳасидаги мактабдан ташқари нодавлат спорт-таълим муассасаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги чоралари жорий этилади:

  • ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ғолиб ҳамда совриндор бўлган спортчилар томонидан ташкил этилган нодавлат спорт-таълим муассасаси фаолиятини олиб бориш учун давлат тасарруфида бўлган зарур бино ва иншоотларни 2024 йил 1 январга қадар ижара тўловларисиз (коммунал тўловлар бундан мустасно) уларга тақдим этилади;
  • 2024 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар нодавлат спорт-таълим муассасаси томонидан жисмоний тарбия ва спорт хизматларини кўрсатиш учун фойдаланиладиган бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатлари 50 фоизга камайтирилади.

Бундан ташқари, нодавлат спорт-таълим муассасалари Солиқ кодексига асосан ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар учун белгиланган солиқ имтиёзларидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Нодавлат спорт-таълим муассасасини божхона божини тўлашдан озод қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни тайёрлаган нодавлат спорт-таълим муассасалари тренерларига бир марталик пул мукофотлари тўланади.

Спортни ривожлантириш вазирлиги, Миллий олимпия ҳамда паралимпия қўмиталари икки ой муддатда хорижий давлатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда нодавлат спорт-таълим муассасаларининг иқтидорли спортчиларини аниқлаш, танлаш ва саралаб олиш (селекция), шунингдек, уларни Ўзбекистон терма жамоаларининг асосий ва захира таркибларига жалб этиш тартибини тасдиқлайди.

Шунингдек, республикадаги ҳудуд раҳбариятлари давлат тасарруфидаги бино ва иншоотларнинг нодавлат спорт-таълим муассасасини ташкил қилиш ниятини билдирган спортчиларга ижара шартномаси асосида белгиланган тартибда ажратилишини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда Нодавлат спорт-таълим муассасаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш юклатилди.