4 июль куни ЮНИСЕФ Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлигига «Мактабгача таълим муассасаларида тиббий ёрдамни ташкил этиш» номли 8100 та услубий йўриқномани топширди, дея хабар бермоқда БМТ Болалар жамғармаси матбуот хизмати.

Ушбу материал мактабгача таълим муассасаларининг тиббиёт ходимлари учун қўлланма бўлиб, уларнинг асосий фаолиятини қамраб олади. Унда тўғри гигиена, овқатланиш қоидалари ва профилактика чоралари, жумладан, иммунизация бўйича маълумотлар жамланган, дейилади хабарда. Унда болаларнинг ўсиши ва ривожланишини назорат қилиш, соғлом турмуш тарзи одатларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган.


ЮНИСЕФ йўриқномани Мактабгача таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда мактабгача таълим ташкилотларининг тиббиёт ходимларини болалар учун хавфсиз ва соғлом шароитларни таъминлаш бўйича билим ва кўникмалар билан қуроллантириш мақсадида ишлаб чиқди.

«Соғлиқни сақлаш мактабгача ёшдаги болалар учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳаётдаги кўплаб натижаларга таъсир қилади. Шунинг учун ҳам бундай ёрдамни тизимли равишда бошқариш учун сармоя киритишимиз муҳим», — деди ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

«Болалар ҳаётининг ушбу даври келажакдаги барча ижтимоий, ақлий, жисмоний ва когнитив ривожланиш учун асос яратади. Дастлабки йиллар таълимдаги ютуқлар, иқтисодий самарадорлик, масъулиятли фуқаролик ва келажак авлоднинг умр давомидаги саломатлигининг пойдеворни таъминлагани боис болаликнинг дастлабки йиллари муҳим аҳамият касб этади», — дея қўшимча қилди у.

Мактабгача таълим тизимида фаолият юритувчи тиббиёт ходимлари салоҳиятини оширишнинг навбатдаги босқичи сифатида, ЮНИСEФ Мактабгача таълим вазирлигини онлайн таълим дастурини ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлади. Бу дастур қисқа вақт ичида 8000 дан ортиқ ҳамшираларни қамраб олиб, уларни ўқитиш имконини беради.