Қорақалпоғистондаги воқеалар Ўзбекистоннинг ички иши, Кремль мамлакат раҳбарияти фаоллик билан муаммоларни ҳал этилишига шубҳа қилаётгани йўқ, дея маълум қилди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

«Ўзбекистон бизнинг иттифоқчимиз, у дўст мамлакат, жуда муҳим ҳамкоримиз. Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳамма нарса шу давлатнинг ички ишидир ва биз шубҳа қилмаймизки, республика раҳбариятининг актив фаолияти билан мавжуд муаммолар ҳал қилинади», — деди Дмитрий Песков.

Шунингдек, РИА Новостининг Россия ТИВдаги манбаси ҳам Қорақалпоғистондаги воқеаларни Ўзбекистоннинг ички иши деб ҳисоблаши, вазият назорат остида эканини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, «ҳокимият ўз халқини ҳурмат қилган ҳолда, малакали ишламоқда». Провокацияларнинг олдини олиш учун етарли кучлар бор, деган Россия ТИВдаги манба.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ТИВ қўшни қардош Ўзбекистондаги воқеаларни ташвиш билан қабул қилгани ва мамлакат раҳбариятининг Қорақалпоғистондаги вазиятни барқарорлаштириш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қувватлашини маълум қилгани ҳақида хабар берган эдик.

Кейинроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон етакчиси Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Унда Қозоғистон президенти Қорақалпоғистонда «барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича кўрилган қатъий чора-тадбирларни қўллаб-қувватлади».